Бу ҳафтада ҳаво ҳарорати Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига пасаяди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

4 июль — душанба куни Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат кечқурун Тошкент вилояти бўйича момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Бугун куннинг ўртасига келиб, ҳарорат +35…+37 даражага етади. Республика шимолида нам ҳаво массаси кириб келиши бошланиб, ҳарорат +26…+31 даражагача пасаяди.

Сешанба куни ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Тошкент, Наманган вилоятларида, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кундузи +30…+35 даражадан ошмайди.

4−5 июль кунлари фронт ўтишида баъзи жойларда чанг-тўзонлари билан шамол 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим жойларида шамол 23−28 м/с гача кучайиши мумкин.

6 июлдан 8 июлгача Ўзбекистон бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 6−7 июль кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати кечалари +17…+22 даража, кундуз кунлари +30…+35 даража атрофида, жанубда ҳарорат +37…+39 даражагача бўлади.