Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижтимоий трамоқларда тарқалган «Қурбон Ҳайити намози ўқилмайдиган бўлди» мазмунидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Айни кунларда ижтимоий тармоқларда „Қурбон Ҳайити намози ўқилмайдиган бўлди, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси эълон қилинди“ деган мазмундаги ёлғон хабар (фейк)лар тарқалмоқда. Мазкур хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга мос келмайди», — дейилади хабарда.

Идоранинг маълум қилишича, ушбу фейк хабар бундан бир йил аввал, пандемия даврида 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумот бўлиб, такроран тарқатилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай фатво чиқармаган.

«Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичларида ўзгаришлар бўлаётган бўлса-да, лекин оммавий тадбирларни чеклаш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилингани йўқ. Қурбон Ҳайити намозини ўқиш юзасидан бирор ўзгариш бўладиган бўлса, расмий нашрларда эълон қилинишини билдирамиз. Мўмин-мусулмонлардан асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай хабарларни тарқатмасликни илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.

Идора аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини кўрсатмасига кўра, катта гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Қурбон Ҳайитининг биринчи куни 9 июль — шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатда 2022 йил 9 июль куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлаш бўйича президент фармони имзоланди.

Унга кўра, Қурбон Ҳайити арафасида барча учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) кетма-кет 4 кун дам олиш кунлари бўлади:

  • 9 июль — Қурбон ҳайити байрам куни;
  • 10 июль — якшанба, одатий дам олиш куни;
  • 11 июль — душанба, қўшимча дам олиш куни;
  • 12 июль — сешанба, кўчирилган қўшимча дам олиш куни (16 июль — шанба кунидан).