1 июль куни соат 21:25 да Ўзбекистон ИИВ Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида соат 15:00 лар атрофида республикада амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиниши оқибатида айрим фуқаролар кўча юришларини ташкил қилгани ҳақида хабар берди. Ўшанда одамлар шаҳарнинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришган.

2 июль куни тушдан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга жўнаб кетди. Давлат раҳбари Нукусда бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган Конституциянинг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларининг амалдаги таҳрирлари ўзгаришсиз қолдирилишини таъкидлади.

3 июль куни тонгда давлат раҳбари бир кун аввал бориб қайтган Нукусга яна учиб кетди. Шавкат Мирзиёев аввалига Нукус шаҳрида видеоселектор ўтказди, кейин Жекетерак маҳалласида халқ билан мулоқот қилди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашув ўтказди, сўнг «Саманбай» овул фуқаролар йиғинида бир гуруҳ ёшуллилар ва маҳалла фаоллари билан учрашди.

Воқеалар ривожидан бир неча кун олдин республика аҳолиси Қорақалпоғистоннинг суверен мақомига оид ўзгартиришларни Ўзбекистон Конституциясига киритишга қарши бир неча кунлик яккахон ва жамоавий норозилик чиқишлари кузатилганди. Ушбу кунлар давомида ҳудудда аввал мобил, кейин эса стационар интернет чекланганди. Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон расмийлари 1 июль кечасигача воқеалар юзасидан изоҳ ва аҳолининг чиқишларига очиқ жавоб бермади.

Мазкур воқеалар фонида Ўзбекистон ахборот маконини кўпроқ, хоҳ у расмий бўлсин, хоҳ норасмий, хорижда рўйхатдан ўтган ОАВлар эгаллаб олгани кузатилди ва турли (тасдиқланмаган ёки ёлғон) хабарларни тарқатишга уринди. Хўш, бу вақтда Қорақалпоғистондаги воқеаларни Ўзбекистоннинг марказий телеканалларидаги информацион дастурлар қай тарзда ёритди? «Газета.uz» уларнинг барчасини кузатиб, эфирга узатилган хабарларни бир материалга жамлади.

«Ўзбекистон 24» телеканали, «Ахборот 24» информацион дастури


2 июль куни «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастурининг 23:00 даги сонида Шавкат Мирзиёевнинг Нукусда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан ўтказган учрашувидан лавҳа эфирга узатилди. Шундан сўнг дастурда президентнинг «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида»ги фармони ўқиб эшиттирилди.

3 июль куни соат 17:00 да эфирга узатилган дастурда президентнинг Қорақалпоғистонга амалга оширган ўша кунги ташрифи ҳақида қисқача маълумот берилган. Хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг Нукусда видеоселектор ўтказгани ҳамда Жекетерак маҳалласида халқ билан мулоқот қилгани ҳақида қисқа ахборот берилган.


3 июль санаси якшанба кунига тўғри келгани боис «Ўзбекистон 24» телеканалида «Таҳлилнома» дастури эфирга узатилди. Унда аввалига Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликлар ҳақида, сўнг президентнинг 2 ва 3 июль куни Қорақалпоғистонга амалга оширган ташрифи ҳақида батафсил сўз борган.


Лавҳада тартибсизликлар ҳақида сўз борар экан, жумладан, шундай дейилади: «Айрим ғаразли кучлар Конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, вазиятни издан чиқармоқчи бўлди. 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ шахслар сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда фуқароларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат органларининг биноларини эгаллаб олишга уринди.

Жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан улар 2 июль куни ҳам бузғунчи ҳаракатларни давом эттирган. Бу юриш мобайнида Нукусдаги инфратузилма объектларига сезиларли зарар етказилган, биноларнинг ойналари синдирилиб, ёнғинлар содир этилган. Бир неча гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринган. Сон жиҳатидан устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига ҳужум қилган, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлар етказган. Афсуски, бунинг оқибатида тинч аҳоли ва ҳуқуқ тартибот органлари орасида қурбонлар ҳам бўлди".

Репортаж матни давлат раҳбарининг Нукусдаги йиғилишидаги нутқини деярли тўлиқ такрорлаган.


Репортажда, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувидан лавҳалар ҳам эфирга узатилди.


Президент бўлиб ўтган воқеалар ўзини ташвишга туширганини айтган. «Мен ҳаётимни қўйганман бу масалага. Қорақалпоқ элининг болалари менинг фарзандларим. 1 сўм топсам 60 тийинини олдин Қорақалпоғистонга беряпман. Қадрдон Ватанимизни, шунча меҳнатимизни ўзимиз сақламасак ҳеч ким бизга сақлаб бермайди. Мени кўнглим олиб келди, юрагим олиб келди. Мен қандай ўтира оламан. Менга тинчлик керак», — деди давлат раҳбари.


Лавҳада йиғилиш давомида сўзга чиққанларнинг нутқидан ҳам парчалар берилган. «Мана, тушунмовчиликлар бўлди. Тўсатдан бўлди, сезилмай, билинмай қолди. Сизнинг келишингизни ўзи халқ учун катта нарсани англатади», — деган сўзга чиққанлардан бири.

Президентнинг 3 июль кунги ташрифи ҳақида берилган лавҳада Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишлар ҳамда халқ билан ўтказган мулоқоти акс этган.

«Севимли» телеканали, «Янги Замон» информацион дастури


3 июль куни соат 21:00 да эфирга узатилган ушбу кўрсатувнинг бошиданоқ айни мавзу юзасидан сўз борган.

Унга кўра, Конституцияга ўзгартириш киритишда Қорақалпоғистонга тегишли моддаларга айрим гуруҳлар томонидан норозиликлар билдирилиган. «Бунинг оқибатида 1 июль куни Нукус шаҳрининг марказий кўчаларида намойишлар уюштирилди. Маҳаллий ҳокимият органларининг биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ҳаракатлари содир этилди. Шу боис Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукус шаҳрига ташриф буюриб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Шавкат Мирзиёев Конституциявий ислоҳотлар Ватанимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун ғоят муҳим масала экани, муҳокамаларда кўпмиллатли халқимиз кўплаб таклиф ва тавсиялар билдираётганини таъкидлади», — дейилади репортаж аввалида.

Лавҳа давомида давлат раҳбарининг 3 июль кунги Нукусга ташрифи ҳақида ҳам сўз борган.

«Менинг юртим» телеканали, «Марказий студия» информацион дастури


2 июль куни соат 9:05 да эфирга узатилган кўрсатувда Қорақалпоғистонда содир бўлган ҳолат юзасидан маълумот берилмаган. Душанбадан жумагача одатий равишда соат 20:00 да эфирга узатиладиган кўрсатув дам олиш кунларида эфирга чиқмайди.

Шундай қилиб, 2 ва 3 июль кунлари «Марказий студия»да сўнгги кунларнинг энг муҳим мавзуси кўтарилмаган.

«ЗўрТВ» телеканали, «Бу кун» информацион дастури


2 ва 3 июль кунлари соат 21:00 да эфирга узатилган дастур давомида Қорақалпоғистондаги ҳолат ҳақида сўз бормаган.

«Миллий» телеканали, «Миллар постда» информацион дастури


Кўрсатувнинг 2 июль кунги сонида Нукусдаги ҳолат ҳақида сўз бормаган. 3 июль куни эса кўрсатув эфирга узатилмаган.


«Ёшлар» телеканали, «Янги Давр» информацион дастури


Ушбу кўрсатувнинг 2 июль куни эфирга узатилган сонида айни мавзу ҳақида сўз бормаган бўлса, 3 июль куни кўрсатув эфирга узатилиши режалаштирилмаган.


Қатор ҳуқуқшунослар, жамоатчилик фаоллари ва блогерлар Ўзбекистоннинг марказий телеканаллари мамлакатдаги ўта муҳим ва қалтис сиёсий вазиятда холис ва шаффоф ахборотни аҳолига етказиб беришдаги ўз позициясини «ташқи кучларга» бериб қўйганлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2 июль Қорақалпоғистонга етиб борган «Газета.uz» мухбири Шухрат Латипов қарийб бир сутка давомида шовқин чиқарувчи восита ва ўқ овозлари эшитилиб турган Нукус — якшанба куни тинчигани ҳақида фоторепортаж тайёрлаганди. Унинг сўзларига кўра, шифохоналарда яраланганлар кўп, аҳоли яқинларини ҳалок бўлганлар ва ҳибсга олинганлар орасидан қидирмоқда. Кўчаларда ёнган шина ва қон изларини кўриш мумкин.