1 ва 2 июль кунлари Нукусда бўлиб ўтган оммавий намойишлар факти бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан 2 июль куни Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш — 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва бошқа моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда 4 июль, душанба куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент прокурори Аброр Маматов маълум қилди.

Жиноят иши бўйича тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари Бош прокуратура раҳбарлиги остида ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ ва Миллий гвардиянинг масъул ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда.

Гуруҳ фаолияти, шунингдек, тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари махсус тузилган идоралараро штаб томонидан мувофиқлаштирилади, деди у.

«Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилган ҳолда олиб борилади, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилади», — деди Аброр Маматов.