8 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани «Оқ қамиш» ОФЙ ҳудудидан ўтган А-380 автомагистраль йўлининг 555 кмда йўловчи автобус ёниб кетди, деб хабар берди ФВВ.

Автобус Тошкент шаҳридан Нукус шаҳрига қараб йўлга чиққан «Yutong» русумли йўловчи ташувчи автобус салонида 55 нафар йўловчи ва 2 нафар ҳайдовчи бўлган.

Соат 03:14 да автобусда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган. Шунга кўра 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 03:40 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 04:15 да бартараф этилган.

Ёнғин натижасида автобус тўлиқ ёниб зарарланган. «Ёнғин электр симларининг қисқа туташуви натижасида содир бўлганлиги тахмин қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Қайд этилишича, энг яқин ёнғин ўчириш қисмидан ёнғин рўй берган манзилгача бўлган масофа тахминан 45 кмни ташкил этади.