«Газета.uz» 2024 йил 1 майдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Янги мажбурий туловлар ва йиғимлар фақат қонунда белгиланади.

Президентнинг 21 февралдаги фармонига кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиёти киритилади.


2. Электр ва газ учун тарифлар оширилади, ижтимоий норма жорий этилади (батафсил бу ерда).


3. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойда моддий ёрдам берилади.

Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги қарорига мувофиқ, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритилганларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўланади.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилади.


4. Ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш тартиби жорий этилади.

Президентнинг 3 январдаги фармонига кўра,

  • суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади;
  • фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланади;
  • ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта харажатлари бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этилади.

5. Протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар оширилади.

Президентнинг 27 февралдаги қарори билан, протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача 3 бараваргача, айрим воситаларнинг турлари эса 10 бараваргача оширилади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади.

Бундан ташқари, ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимида расмийлаштирилади.


6. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлар жалб этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 11 мартдаги қарорига кўра, эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этилади.


7. Ҳар ойда зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосалар ҳокимликларга берилади.

Президентнинг 17 апрелдаги «Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосаларни ҳар ойда жойлардаги ҳокимликларга киритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Зилзила муҳандислиги олимлари ассоциацияси ташкил этилади.


8. Айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилади.

Президентнинг 17 январдаги фармонига кўра,

  • Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади;
  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегаралари белгиланади;
  • дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқини фақат E-auksion электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади;
  • дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олишни тақиқлаш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида қазиш ишлари ташкил этилади.


9. Мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт нархлари шакллантирилиши назорат қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 29 февралдаги қарорига мувофиқ, мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича республикадан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ва экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилади.


10. Uzbek Studies кафедралари Ўзбек тили ва адабиётига оид ўкув қўлланма ва дарсликлар билан таъминланади.

Президентнинг 12 январдаги қарорига кўра, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг марказлари ҳамда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетининг «Ўзбекшунослик» (Uzbek Studies) кафедраларини Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётига оид ўқув қўлланма ва дарсликлар, аудио ва видеоматериаллар билан қуйидаги миқдорларда таъминлаш тизими йўлга қўйилади:

  • 200 та — ўзбек тилини ўрганиш учун;
  • 100 та — ўзбек адабиётини ўрганиш учун;
  • 100 та — Ўзбекистон маданиятини ўрганиш учун;
  • 100 та — Ўзбекистон тарихини ўрганиш учун;
  • 20 та — маданий мерос ва туризмни ўрганиш учун.

11. Фавқулодда ҳодисилар учун волонтёрлик гуруҳлари ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёевнинг 17 апрелдаги қарорига кўра, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида кучли зилзилада аҳолини қутқариш ишларига жалб этиш учун волонтёрлик гуруҳлари тузила бошлайди.

Ҳар чоракда уларга қонунчиликка мувофиқ кучли зилзилада ҳаракатланиш қоидалари ва тартиби ўргатилиб, бу йўналишдаги билим ва кўникмалари ошириб борилади.


12. 17 турдаги хулосаларни бериш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 29 мартдаги қарорига кўра, хулосаларни бериш давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали амалга оширилади. Хулосалар қаторида қуйидагилар бор:

  • магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини қуриш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлашда саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида;
  • бино (иншоот) ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида;
  • дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш бўйича ва бошқалар.

13. Фермерларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС)ни қайтариш бўйича эксперимент якунланади.

2023 йил 1 апрелда тажриба тариқасида республика бюджетидан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бир вақтнинг ўзида қайтариб бериш тартиби жорий этилганди ва бу синов ўз ниҳоясига етади.


14. Аукцион орқали санитария-гигиена шохобчаларини ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлиш мумкин бўлади.

Президентнинг 4 январдаги қарорига кўра, тадбиркорлик субъектларига жамоат жойлари, ижтимоий объектлар ва аҳоли пунктларининг белгиланган жойларида санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.