«Агнешка Пикулицкага аккредитация берилмаганлиги — сиёсий хато» — сиёсатшунос

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг аккредитациясини узайтирмаганлигини сиёсий хато деб атади. «Бирон бир хорижий журналистлар қонунчиликни жиддий бузадиган бўлса, уни тезда ҳайдаш эмас, қонунчиликка бўйсундиришнинг оҳиста йўллари ишга солиниши керак», — дейди у.

Тошкентдаги қурилишлар қум ва чангли бўроннинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда — Ўзгидромет

Пойтахтда май ойидан буён кузатилаётган қум ва чангли бўронлар шаҳарда жадал суръатлар билан олиб борилаётган қурилишлар сабабли келиб чиқмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.

АҚШ Ўзбекистонга иккита сейсмик станция учун ускуналар юборди

АҚШ Сейсмопрогностик мониторинг республика марказига Жиззах вилоятида иккита вақтинчалик сейсмик станциялар қуриш учун 14 минг долларлик ускуналарни топширди.

Фарғонада йирик қуёш электр станцияси қурилиши режалаштирилмоқда

Хитойнинг Liaoning Lide компанияси Фарғона вилояти ҳудудида таҳминий қиймати $700 млн га етадиган, қуввати 1200 МВтгача бўлган йирик қуёш электр станциясини барпо этишни режалаштирмоқда.

Сергели — Қўйлиқ ерусти метроси қурилиши атрофидаги 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади

Ерусти метросининг Миробод туманидан ўтадиган қисмидаги 66 та, Сергели туманидан ўтадиган қисмидаги 168 та, Янгиҳаёт туманидан ўтадиган қисмидаги 551 та — жами 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади. Кўчириш имкони бўлмаса уларни кесишга рухсат берилган. Кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп кўчатларни экиш ва икки йил парваришлаш мажбурияти юклатилади.

«Арзон машина олган одамнинг қадри йўқми?» Расул Кушербаев хавфсизлик ёстиқчаси бўлмаган автомобиллар ҳақида

Депутат Расул Кушербаев UzAutoMotors машиналари «пачоқланиб» кетаётганликлари уларнинг хавфсизлик жиҳатидан яхши жиҳозланмаганлигида эканлигини таъкидлади. «Илгари одамларни темир ўлдирган бўлса, ҳозир пластмасса ўлдиряпти. Автомобиллар агар шунчалик яхши чиқаётган бўлса, нимага ҳалигача ўлим хавфи кўпайиб бормоқда?», — деди депутат. Автомобиль йўллари бўйича мутахассис Орифжон Назаров машиналар сифатини танқид қилишдан кўра, ҳайдовчилар маданиятини ошириш кераклигини таъкидлади.

Ўзстандарт агентлиги тугатилмоқда

Президент фармони билан Ўзстандарт агентлиги негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда.

Президент администрацияси бир нечта Mercedes Benz автомобилларини сотувга қўйди

Ким ошди савдосига қўйилган барча автомобиллар PPP авторақамларига эга бўлиб, 2003−2004 йилларда ишлаб чиқарилган. Бошланғич нархлари 129,6 млн сўмдан 136 млн сумгача деб белгиланмоқда.

«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди

Ҳукумат қарори билан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур нишон миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий фуқароларга берилади.

Тошкентда учта кўприк ва йўл қурилиши 518,3 млрд сўмгача қимматлашганига изоҳ берилди

Тошкентнинг Яккасарой ва Сергели туманларини боғлайдиган олти қаторли йўл ва учта йўл ўтказгич қурилиши баҳоси 280 млрд сўмдан 518,3 млрд сўмгача оширилди. Пойтахт ҳокимияти ва бош пудратчи буни қурилиш материаллари нархи ошгани ва лойиҳа қўшимча ишлаб чиқилгани билан изоҳлади.

Мўйноқда икки ўсмир каналда чўкиб кетиб, ҳалок бўлди

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида икки ўсмир каналда чўмилаётиб, сувга чўкиб кетди. Натижада икки ўсмир ҳам ҳалок бўлган.

Ўзбекистонда эрта турмуш ҳолатлари деярли бир бараварга камайган

2020 йилда 88 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган. Бу 2019 йилги кўрсаткичларга нисбатан деярли бир баравар камроқ. Шунингдек, ўтган йили 1044 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган.

ЙҲХББ Термиздаги аварияга президент кортежи алоқадорлигини рад этди

Термизда содир бўлган ЙТҲда шаҳар ободонлаштириш бўлимида ишлайдиган аёл жароҳатланди. Ижтимоий тармоқларда уни президентни кутиб олиш учун ташкил этилган кортеждаги автомобиль уриб юборгани ҳақида хабар тарқалган. Бироқ ЙҲХББ ушбу маълумотни рад этди. Жабрланувчининг аҳволи оғир.

Президент сурхондарёлик «Зулфиячи» қизга Spark автомашинасини совға қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Термизда «Зулфия» мукофоти совриндори Рухшона Абдураззоқова билан суҳбат давомида унга Spark автомашинасини совға қилди. Машина 3 июнь куни Рухшона Абдураззоқовага топширилди.

Ryanair билан бўлган воқеадан сўнг «Белавиа» 21 та мамлакатга рейслардан қуруқ қолди

Ҳозирда авиакомпания фақат саккизта мамлакатга уча олади. Улар ичида Ўзбекистон ҳам бор. 7 та мамлакат ҳукумати ўз авиакомпанияларидан Беларусни айланиб ўтишни расман талаб қилган.

Technovation Girls халқаро танловининг ярим финалида Ўзбекистондан тўртта жамоа қатнашади

1 июнь куни Тошкентда Technovation Girls танловининг бешинчи мавсуми ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу йил дунё бўйлаб танловда 1700 та жамоа ўз лойиҳаларини тақдим этди ва Ўзбекистон энг кўп жамоалар қатнашган ТОП-10 мамлакатлар қаторига кирди. Танловнинг ярим финал босқичида Ўзбекистондан тўртта жамоа иштирок этади.

Жанубий Корея тажрибаси ва технологиялари асосида онкологик шифохоналар қурилади

Жанубий Корея Ўзбекистонга онкологик шифохоналар қуриш тажрибаси ва технологияларини тақдим этади. Тошкентда ихтисослаштирилган онкологик касалхоналар қуриш ташкил этиш режалаштирилмоқда.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Эшикни очсам давлат раҳбари кириб келди». Президент Сурхондарёда «Зулфиячи» қизнинг хонадонида бўлди

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи давомида Термизда қурилган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Президент хонадонлардан бирида «Зулфия» мукофоти совриндори ва унинг онаси билан суҳбатда бўлиб, ундан ғурурланишини таъкидлади.