Президент Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Термиз шаҳрида қурилган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Бундай турар жойлар жисмоний имконияти чекланган ҳамда темир дафтарга киритилган оилаларга имтиёзли тарзда берилмоқда. Шундай хонадонлардан бири 15 йилдан бери беморчиликнинг синовларини тортган Назира Раҳимовага берилган. Давлат раҳбари Сурхондарёга ташрифи якунида ушбу хонадонда бўлди.

Назира Раҳимованинг қизи Рухшона Абдураззоқова 2018 йили Термиз шаҳрида «Ёш китобхон» республика кўрик-танловининг вилоят босқичида 10−14 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўл олган. У 2020 йилда «Зулфия» номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Шундай фарзандни тарбия қилганингиз учун раҳмат! Ниятларингиз, қилган ҳалол меҳнатингиз, мана олдидан чиқди. Одамлар мана шундай шароитларда яшашга биз ҳамма шароит яратишимиз керак. Худо берган шундай истеъдод билан, шундай қобилият билан, албатта, ҳамма ниятларингиз амалга ошади ва мен битта нарса айтмоқчиманки, мен сиз билан ғурурланаман!», — дейди президент Рухшонанинг онасига.

Фото: Видеодан лавҳа

«Лекин ҳеч ҳам кутмагандимки, эшик тақиллади бугун, очсам давлатимиз раҳбари оталарча меҳр билан кириб келишлари мени жуда ҳам тўлқинлантириб юборди. Мен-ку майли, онажоним ўзи бетоб эдилар, мана шундай бир давлатимиз эътиборини кўриб, қувониб турган вақтларида давлатимиз раҳбари онам ва менинг ҳолимдан хабар олгани келганликлари онажонимга катта таъсир кўрсатди. Насиб этса келажакда ўз олдимга қўйган мақсадларимни амалда кўрсатиб, яхши натижаларга эришишга астойдил ҳаракат қиламан», — дейди Рухшона президент ташрифи ҳақида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари, шунингдек, ёш оилалардан бири Фаррух Эгамов хонадонида бўлиб, улар билан ҳам суҳбатлашди. Мулоқот давомида президент «Сурхондарё вилояти бўйича катта режалар белгиладик. Ҳаммасининг тагида битта нарса — инсон манфаати бор. Энди бу уйларни аҳолига адолатли бериш керак. Адолат бўлса қадрига етади», — деди.

Маълум қилинишича, жорий йилда Сурхондарё вилоятида яна 3500 квартирали кўп қаватли уйлар қурилади. 1460 та оилага ипотека учун субсидия берилади.