АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Қўйтош ва Қорасойда сейсмик станциялар ўрнатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» га Тошкентдаги АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

2 июнь куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ижарага олинган 14 минг долларлик ускуналарни ФВВ ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказига (СМРМ) етказиб берди. СМРМ станцияларни Калифорния штатидаги Сан-Диего университети (UCSD) билан биргаликда ўрнатади.

АҚШ Давлат департаменти 2021 йил охирига қадар Қорасойда қурилиши режалаштирилган доимий станция учун ускуналар сотиб олади ва монтаж ишларини молиялаштиради.

Қорасойдаги доимий станция 152 та станциядан иборат Глобал сейсмик тармоқ (GSN) нинг бир қисмига айланади. GSN Калифорния штатидаги Сан-Диего университети ва Сейсмология қўшма тадқиқот институти томонидан биргаликда бошқарилади.