Президент Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Термиз шаҳрида 15 йилдан бери беморчиликнинг синовларини тортган Назира Раҳимова ва унинг қизи «Зулфия» мукофоти совриндори Рухшона Абдураззоқоваларнинг хонадонида бўлгани ҳақида ёзган эдик.

3 июнь куни Рухшонага президент номидан Spark автомашинаси совға қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Рухшона Абдураззоқова давлат раҳбари билан суҳбат вақтида китобларини туҳфа этган. Президент суҳбат якунида изланувчан, чуқур билимга эга қизни тарбиялаб, камолга етказаётгани учун унинг онаси Наргиза Раҳимовага миннатдорчилик билдириб, Spark енгил автомашинасини совға қилган.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, мазкур совғани тантанали топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, маҳалла аҳли, ёшлар ва Рухшона таълим-тарбия олаётган мактаб-интернат жамоаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Республика ёшлар иттифоқи агентлиги директори А.Саъдуллаев, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор М.Хожиматов, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор О.Соатов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, сенатор С.Сайидов ва бошқалар иштирок этган.

Фото: ЎзА

«Президентимизнинг кутилмаганда хонадонимизга келиб, биз билан самимий суҳбат қилганидан ҳаяжонланиб қолдим. Менинг ҳар бир гапимни эътибор билан тинглаб, Spark енгил автомашинаси совға қилишини айтганларида қулоқларимга ишонгим келмади. Беихтиёр онамнинг ҳам, менинг ҳам кўзимизга севинч ёшлари келди. Бу совға ҳаётимни янада ўзгартириб, улкан марраларни кўзлашга ундади. Бу юксак ишончни албатта оқлайман», — дея Рухшона Абдураззоқованинг сўзларини келтирмоқда ЎзА.