Май ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича бир нечта чангли бўрон ҳодисалари кузатилди. Тошкентда ҳам 29 май куни шиддатли кучли шамол ҳисобига чангли бўрон кузатилган эди.

Мазкур ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаби ҳақида Ўзгидромет маълумот берди.

Чангли бўрон — бу атмосфера ҳодисаси бўлиб, ер юзидан катта миқдордаги қум ва чангларни кучли шамол таъсирида кўтарилишидир. Республика ҳудудида бундай жараёнлар кўпинча баҳорда ва ёзнинг бошида ривожланади. Марказий Осиёнинг барча ҳудудлари учун чангли бўрон жуда тез-тез учрайдиган ҳодисадир. Кўпинча бундай ҳодисалар қурғоқчил ҳудудларда — чўл ва ярим чўл ҳудудларда содир бўлади, дея таъкидлади Ўзгидромет.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши кузатувлари 13 та стационар постда олиб борилди. Шаҳар бўйича ушбу даврда суткалик рухсат этилган меъёрларнинг: азот диоксиди 1,3 марта; водород фторид (HF) бўйича 2,0 марта; чанг бўйича 2.7 марта ортгани қайд этилди. Бошка ифлослантирувчи моддалар санитар меъёрдан ошмаган, маълум қилди Ўзгидромет.

Маълумотга кўра, Тошкент қурғоқчил ҳудуд деб ҳисобланмайди, лекин сўнгги йилларда Ўзбекистонда ва Тошкент шаҳрида жадал суръатлар билан олиб борилаётган қурилишлар жуда катта миқдордаги қум ва чангнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Улар ҳатто кучсиз шамол эсганда ҳам ҳавога кўтарилиши қайд этилди.

Бундан ташқари, 1 июнь куни Кушрабад (Самарқанд вилояти) метеостанциясида соат тахминан 15:18 ларда шимоли-ғарбдан кучли шамол бошланиб, 20 м/с гача етган, шунинг окибатида қумли бўрон кўтарилган ва тахминан 16:20 ларда тинган.