Сергели — Қўйлиқ ерусти метроси қурилиши атрофидаги 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда 2 июнь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Табиийки, улкан бунёдкорлик майдонида қайсидир дарахт ёки бутани кўчиришга тўғри келади. Яна бир томони — ҳамма дарахтларни ҳам кўчириб бўлмайди.

«Сергели-Қўйлиқ йўналишида метро қурилишида ана шундай ҳолат юзага келганда қандай тартиб амал қилиши Ўзбекистон президентининг жорий йил 23 апрелда Тошкент шаҳрида барпо этилаётган замонавий корхоналар фаолияти, шунингдек, маҳаллаларда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш жараёнида берган топшириқлари баёнида кўрсатиб ўтилган», — дейди у.

Таъкидланишича, мазкур ҳудудда жойлашган ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кўчиришга, кўчириш имкони бўлмаганда, истисно тариқасида кесишга рухсат берилган.

«Бунда, мораторий талабларидан келиб чиқиб, кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп қимматлиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган кўчатларни экиш ва уларни икки йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилади», — дея қўшимча қилади Озод Ражабов.

Қайд этилишича, давлат экология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутасаддилари ва эколог-инспекторлари қурилиш режалаштирилган катта ҳудуддаги дарахтларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказган.

Таъкидланишича, ерусти метросининг Миробод туманидан ўтадиган қисмида 66 та, Сергели туманидан ўтадиган қисмида 168 та, Янгиҳаёт туманидан ўтадиган қисмида эса 551 та (жами 785 та) дарахт борлиги аниқланган.


«Буларнинг орасида сафора, терак, арча, тут, ёнғоқ, ўрик, эман, шумтол, қайрағоч, чинор сингари дарахтлар бор. Уларни қаерга кўчириш маҳаллий туман ҳокимликлари билан, қандай кўчириш эса биолог олимлар билан маслаҳатлашилмоқда. Мақсад битта — имкон қадар барчасини сақлаб қолишдан иборат», — дейди Озод Ражабов.

Шунингдек, у кесилган дарахтларнинг ёғоч хомашёси Ободонлаштириш бошқамаси балансига ўтказилишини таъкидлаган. Шундан кейин ёғочни ё ҳунармандларга тақдим этиш, ёки бошқарманинг зарурий эҳтиёжлари учун ишлатиш режалаштирилишини қайд этган.

«Бу ишларнинг ҳаммаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторларининг доимий назорати остида олиб борилади», — дейди қўмитаси ахборот хизмати.