2 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги Al Jazeera телеканали мухбири Агнешка Пикулицка-Вильчевска томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли унинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилганлигида ҳақида маълум қилди. Кейин польшалик журналист ушбу ҳолатни «унинг овозини ўчиришга уриниш» ва «мамлакатда деярли ўзгаришлар бўлмаганлигини англатади» деб изоҳлади.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ушбу ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди. Қуйида унинг фикрларини жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳақиқий мустақил ва профессионал журналистлар ҳеч қачон ҳокимият учун қулай бўлмайди. Бундай журналистлар ҳар доим ҳокимиятга, жамиятдаги ҳар хил ижтимоий гуруҳларга, қатламларга нисбатан зўриқиш векторларини шакллантиради. Унинг устига, ҳозирги даврда, ҳокимиятга нисбатан танқид, ёки давлатни ичкарисида бўлади, ёки ташқарисида.

Давлатнинг ичкарисидаги танқид, ҳокимиятнинг глобал манфаатлари, обрў-эътибори учун мутлақ манфаатли ҳисобланади. Маълум категориядаги мутафаккирлар, фикрловчи инсонлар, давлатнинг ичкарисидаги танқид даражасига қараб ҳам, ҳокимиятнинг ва давлат тизимининг нақадар мустаҳкам, шаффоф ва демократик эканлигига баҳо беришади. Чунки, эркинлик, аввало, сўз эркинлиги асосида ҳокимиятни, тизимни ушлаб турган маъмурият, рақобатбардош ва демократик дея қабул қилинади.

Танқиднинг давлат ичида бўлиши дунё ҳамжамиятининг маъмуриятга ишончни кучайтиради. Қолаверса, ичкаридан танқид қилаётганлар ҳокимиятнинг легитимлигини қўпориш кайфиятида эмас, муаммоларни кўрсатиш ҳолатида бўлади. Чунки, давлатнинг ичидаги фикрлар, танқидлар қонунчилик билан мўътадил ўзанга солиб турилади.

Ўзбекистонда узоқ муддат сўз эркинлиги, фикрлар, ғоялар ташаббуси мамлакатдан ташқарида бўлди. Танқидлар, йирик сиёсий лойиҳалар ҳокимият легитимлигини қўпориш мақсадида амалга оширилди. Натижада, Ўзбекистон ўзига дахлдор сўз ва фикр ташаббусини йўқотиб бўлган эди. Ҳали мана шу кайфият сўнмасдан, журналистлари, блогерларига тўлиқ ишонч тикланмасдан, миллий ахборот ишлаб чиқарувчиларнинг малакаси юқори нуқталарга етмасдан, хорижий журналистнинг қувилиши — жиддий сиёсий хато.

Ўзбекистон ичидаги ОАВлари, журналистлар, блогерлар, хорижий мутахассислар билан рақобатлашган ҳолатда, улар билан ёнма-ён ишлаб, пишиб етилиши керак. Унинг устига, агар бирон бир хорижий ОАВлари, журналистлар қонунчиликни жиддий бузадиган бўлса, уни тезда ҳайдаб солиш эмас, уни қонунчиликка бўйсундиришнинг оҳиста йўллари ишга солиниши керак бўлади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.