1 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Technovation Girls танловининг бешинчи мавсуми якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ғолиб жамоалар ва иштирокчилар тақдирланди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт Дастурининг Тошкентдаги ваколатхонаси «Газета.uz»га маълум қилди.

Тўрт ой давом этган Technovation Girls Uzbekistan, қизлар учун энг йирик халқаро технологик танловда Ўзбекистоннинг 7 та вилоятидан 41 та қизлар жамоаси (10−18 ёш) ижтимоий мобил иловаларининг прототиплари устида ишлашди. Ўзбекистонда Technovation дастури БМТ Тараққиёт Дастури ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг «Аёлларнинг давлат бошқарувида иштирок этишлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаолликларини ошириш учун ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳаси ҳамда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан қўллаб-қувватланди.


Жамоалар менторлар раҳбарлигида Барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғлиқ қуйидаги мавзуларда мобил иловаларни ишлаб чиқдилар: Ўзбекистон мактабларидаги таълим жараёнлари, ўспиринларнинг руҳий саломатлиги, ногирон болаларга ёрдам бериш, гендер тенгсизлигини камайтириш, уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, камбағал оилаларга ёрдам бериш, Қорақалпоғистон ва Хоразмда дарахтлар экиш, ҳаво сифатини назорат қилиш, аёллар учун ярим кунлик иш топиш ва бошқалар.

Танловнинг ушбу мавсумида бутун дунёдан 1700 та жамоа ўз лойиҳаларини тақдим этди ва Ўзбекистон энг кўп жамоалар қатнашган ТОП-10 мамлакатлар қаторига кирди.

Ҳар ҳафта маҳаллий ва халқаро экспертлар технология, сунъий интеллект ва мобил иловалар ёрдамида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, мобил иловаларни App Inventor дастурида дастурлаш, бизнес-режа тузиш, ижтимоий тадбиркорлик, лойиҳани бошқариш, Барқарор ривожланиш мақсадлари, тақдимотларни тайёрлаш каби мавзуларда дарслар ўтишди.

Энг яхши жамоаларга Ўзбекистондаги ташкилотчилар томонидан совғалар топширилди.

2 июнь куни халқаро ҳакамлар ҳайъати Technovation Girls халқаро яримфиналчиларини эълон қилди. Ушбу босқичда Ўзбекистондан тўртта жамоа иштирок этади. Senior Division’да (15−18 ёш) Female Innovation Team ва Girl Heroes жамоалари, Junior Division’да (10−14 ёш) Believe in yourself 1 ва IT-Ladies жамоалари қатнашади.

Ярим финал босқичида халқаро ҳакамлар ҳайъати дунёнинг турли давлатларидан 12 та жамоани танлаб олишади ва улар август ойида бўлиб ўтадиган World Pitch Summit тадбирида ўз лойиҳаларини тақдим этишади.