Ryanair билан бўлган воқеадан сўнг «Белавиа» компанияси 21 та мамлакатга рейсларни амалга ошира олмайди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

Компания рейсларни амалга ошира олмайдиган мамлакатларни санаб ўтди. Булар: Литва, Буюк Британия, Франция, Украина, Латвия, Финляндия, Чехия, Швеция, Эстония, Польша, Италия, Нидерландия, Германия, Австрия, Бельгия, Испания, Венгрия, Молдавия, Сербия, Кипр, қисман Россия (Калининград) мамлакатлари.

Шунингдек, РИА Новости’нинг хабар беришича, 7 та мамлакат, жумладан, Польша, Португалия, Греция, Болгария, Дания ва Ирландия ҳукуматлари ўз авиакомпанияларидан Беларусни айланиб ўтишни расман талаб қилган.

Европа мамлакатлари Беларус ҳукуматининг Афинадан Вильнюсга учаётган Ryanair самолётини Минскка мажбурий тарзда қўндириб, Telegram’даги Nexta каналининг (Беларусда экстремистик деб тан олинган) асосчиси Роман Протасевични ҳибсга олгани учун «Белавиа»га нисбатан бойкот эълон қилишди.

Авиакомпаниянинг таъкидлашича, компания пандемиядан сўнг эндигина ўзига келишни бошлаган ва бу каби ҳолатга дуч келишларини умуман кутишмаган.

«Авиакомпания ҳозирги вазиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганига қарамай, бизнинг мутахассисларимиз янги йўналишларни топиш ва йўналишларни йўлга қўйиш бўйича иш олиб боришмоқда», — дея хабар бермоқда «Белавиа».

Ҳозирда авиакомпания фақат саккизта мамлакатга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам уча олади. Тошкент ва Минск ўртасида ҳафтасига икки марта авиқатновлар амалга оширилмоқда. «Белавиа» самолётлари, шунингдек Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Туркия ва БААга учмоқда.

Авиақатновлар чеклаб қўйилган шароитда ўзбекистонликлар илгари ушбу йўналишдан Европага ёки АҚШга саёҳат қилиш учун боғловчи йўналиш сифатида фойдаланишлари мумкин эди.