Сиёсат

дайжест

Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилиб, Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш жараёнини муҳокама қилди.


дайжест

Президент Эрон элчихонасига бориб, ҳамдардлик китобига таскин сўзларини ёзди

Шавкат Мирзиёев Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, президент Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан Эрон халқига ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари ҳамдардлик китобига таскин сўзларини ёзиб қолдирди.


дайжест

Қозоғистон Ўзбекистон билан иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани ратификация қилди

Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, фуқаро мудофааси ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.


дайжест

Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашади

22 май куни Эронда ўтадиган марҳум президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади. Унга Қонунчилик палатаси cпикери Нурдинжон Исмоилов бошчилик қилади.


Иқтисодиёт

дайжест

Ўзбекистон январь-апрель ойларида 462,8 млн долларлик газ импорт қилди

2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистонга газ импорти 460 млн доллардан ошди (апрелда — 102,6 млн доллар), бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар кўп. Бу даврда «мовий ёнилғи» экспорти 52,3 млн долларни ташкил этди. Етказиб беришдаги фарқ 410 млн долларга етди.


дайжест

«Ўзсаноатқурилишбанк» халқаро бозордан 3 млрд доллардан ортиқ маблағ жалб этмоқчи

2024 йилда «Ўзсаноатқурилишбанк» халқаро молия бозоридан 3,1 млрд долларлик қарз маблағларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Миллий банк заргарлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 6 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ниятида, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.


дайжест

Апрелда Ўзбекистонда газ, нефть, кўмир, бензин ва дизель ишлаб чиқариш камайди

Ўтган ойда Ўзбекистонда газ (-6,1 фоиз), кўмир (-25,8), нефть (-1,3), бензин (-12,5) ва дизель (-12,5) ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йил апрелига нисбатан камайди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 27,6 фоизга ошди.


дайжест

Йил бошидан буён олтин экспорти 3,42 млрд долларга ошди

Йил бошидан буён Ўзбекистон 3,42 млрд долларлик олтин экспорт қилди, бу ўтган йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан 11,8 фоизга кўп. Ушбу қимматбаҳо металлнинг мамлакат умумий экспортидаги улуши 40 фоиздан ошди.


Жамият

дайжест

Тошкентда Matiz уриб юборган пиёда вафот этди

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида Matiz йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди, у воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.


дайжест

Сирдарёдаги интернат уйида руҳий носоғлом беморни мазах қилган ходимлар ишдан олинди

Сирдарё вилоятидаги «Мурувват» уйида аутсорсинг асосида ишлаётган ходимлар муассасада даволанаётган ақли заиф бемор аёлни мазах қилиб, буни видеотасвирга олгани аниқланди. Улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, ИИБ суриштирув ишларини бошлади.


дайжест

Қашқадарёда экилмаган 48,3 минг туп дарахтни экилган сифатида қўшиб ёзиш ҳолати аниқланди

Қашқадарё вилоятида экилмаган 48 348 туп дарахт қўшиб ёзилгани, Андижонда 1128 туп дарахт суғорилмайдиган ерларга экилгани юзасидан мансабдорларга нисбатан чора кўрилди. Тошкентда эса 175 туп қимматбаҳо дарахтларни қаровсиз қолдириб, нобуд қилингани бўйича жиноий иш қўзғатилди.


дайжест

Самарқанддан Тошкентга қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилди, айрим йўналишларда қатнов вақти ўзгарди

24−26 май кунлари Самарқанддан Тошкентга «Афросиёб» электропоездининг қўшимча ҳаракати йўлга қўйилди. Шунингдек, Бухоро ва Қаршидан қатновчи поездларнинг ҳаракат вақтига ўзгартириш киритилди.


дайжест

Қашқадарёда Telegram`да ҳавола юбориш орқали ўзганинг банк картасидан пул ўғирлаган йигит ушланди

Қашқадарё вилоятида 52 ёшли аёлнинг банк картасидан 2 млн сўм ўғирланди. Бу жиноятни шу вилоятда яшовчи йигит аёлга Telegram`да ҳавола юбориш ва карта маълумотларини қўлга киритиш орқали содир этгани маълум бўлди.


дайжест

Тошкентда рейдлар давомида ушланган яна уч нафар шахсга ҳукм ўқилди

Суд ўтган йил охирида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича ўтказилган рейдларда ушланган яна уч нафар шахсга нисбатан ҳукм ўқиди. Хасан ва Хусан Сабирджановлар қарийб 5 йилга озодликдан маҳрум этилди, Марат Уразовга салкам 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.


дайжест

Тошкентдаги КҲАЙ ва Қорасарой кўчалари бир қисми яна 4 кечага ёпилади

Пойтахтдаги Кичик ҳалқа автомобиль йўли, шунингдек, Қорасарой кўчасининг бир қисми 26 майгача соат 22:00—6:00 оралиғида ёпилади. Бу пайтда таъмирлаш ишлари ўтказилади. Аҳоли илтимосига биноан бордюрлар, ёритиш ва дренаж тизимлари янгиланади.


дайжест

Қибрайдаги 6 гектар майдонда чиқинди полигони қурилади

Тошкент вилояти Қибрай туманида маиший чиқинди полигони қурилади. Бунинг учун «Май» МФЙ ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 6 гектар ер майдони ажратилади.


Спорт

дайжест

Париждаги олимпия ўйинларига тайёргарлик учун 3 ойда 73,3 млрд сўм сарфланди

Миллий олимпия қўмитаси спорт ташкилотлари билан бирга Парижда ўтадиган ёзги олимпия ўйинларига тайёргарлик учун январь-март ойларида 73,3 млрд сўм маблағ сарфлади. Бу спортчиларнинг тайёргарлиги, уларга анжом ва инвентарлар харид қилиш, ташкилотларнинг устав харажати ва бошқалар учун йўналтирилди.


Жаҳон

дайжест

Эронда 28 июнда президентлик сайлови бўлиб ўтади

Эронда президент Иброҳим Раисий вафотидан кейин навбатдан ташқари президентлик сайлови 28 июнга белгиланди.


дайжест

ЕИ Кенгаши сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича дунёдаги биринчи қонунни маъқуллади

Европа Иттифоқи Кенгаши сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи дунёдаги биринчи қонунни маъқуллади. Унинг асосида хавф-хатар асносидаги ёндашув ётади: жамият учун хавф қанчалик юқори бўлса, қоидалар шунчалик қаттиқроқ бўлади. Ҳужжат бир ойдан кейин кучга киради.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!