2024 йил апрель ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 3,7 млрд куб метргача камайди, дейилади Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича «Газета.uz» ўрганиб чиққан ҳисоботида.

Йиллик ҳисобда, яъни 2023 йилнинг апрелидаги маълумотлар билан солиштирганда қазиб олиш ҳажми 6,1 фоизга ёки 240 млн куб метрга камайди.

Январ-апрель ойларида қазиб олиш ҳажми 15,3 млрд куб метрни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 5,9 фоизга ёки 964,8 млн куб метрга кам ҳисобланади.

Агар жорий қазиб олиш ҳажми кўрсаткичлари сақланиб қолса (2023 йилдаги 4,06 млрд кубометрга нисбатан ойлик ўртача 3,82 млрд куб метр), йил охирига бориб газ қазиб олиш ҳажми қарийб 3 млрд куб метрга қисқаради.

2024 йил январь-апрель ва 2020−2023 йилларнинг январь-апрель ойлари маълумотларининг солиштирмаси. Манба: Статистика агентлиги.2024 йил январь-апрель ва 2020−2023 йилларнинг январь-апрель ойлари маълумотларининг солиштирмаси. Манба: Статистика агентлиги.

Апрель ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 7,67 млрд кВт·соатгача ошган, бу ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан 1,7 млрд кВт·соатга (+27,6 фоиз), 2024 йилнинг март ойига нисбатан эса 1,25 млрд·кВт соатга кўпроқ.

Январь-апрель ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 27,97 млрд кВт·соатни ташкил этди, бу 2023 йилнинг тўрт ойлик кўрсаткичидан 7,2 фоизга кўпроқ.

бензин, газ қазиб олиш, дизель ёқилғиси, электр энергияси

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоизи газда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларига тўғри келади, бироқ фотоэлектр станцияларининг янги қувватлари ишга туширилиши билан уларнинг улуши камайиб бормоқда.

Ойлик кўмир қазиб олиш ҳажми 2023 йилнинг апрель ойига нисбатан 25,8 фоизга камайди ва 357,7 минг тоннани (-124,7 минг тонна) ташкил этди. Январь-апрель ойларида қазиб олиш ҳажми 9,8 фоиз — 1,33 млн тоннага камайди.

Нефть қазиб олиш ҳажми 62,2 минг тоннагача камайди (2023 йил апрелига нисбатан -1,3 фоиз ёки минус 800 тонна). Тўрт ойлик қазиб олиш ҳажми 241,3 минг тоннани ташкил этди (бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,7 фоизга кам). Бироқ бу 2023 йил октябрь ойи бошидан бери (63,9 минг тонна) максимал кўрсаткич ҳисобланади.

бензин, газ қазиб олиш, дизель ёқилғиси, электр энергияси

Апрель ойида 103,4 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2023 йилнинг апрелига (119,3 минг) нисбатан 13,3 фоизга ёки 15,9 минг тоннага кам ҳисобланади. Тўрт ойлик кўрсаткичлар бўйича таққослашда пасайиш 8 фоизни ташкил этди — 504,6 минг тоннадан 464 минг тоннагача.

Дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 12,5 фоизга камайди — 172,4 минг тоннадан 150,8 минг тоннагача, шунга қарамай, бу 2024 йил март ойига (88 минг тонна) нисбатан 71,3 фоизга кўпроқ ҳисобланади. 2023 йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан кўрсаткич 4,6 фоизга камайиб, 361,9 минг тоннани ташкил этди.

2023 йил якуни бўйича Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми қарийб 5 млрд куб метрга камайди. Нефть ва газ конденсати ишлаб чиқариш ҳажми ҳам пасайди. Шу билан бирга, кўмир қазиб олиш ҳажми 15,5 фоизга — 6,2 млн тоннагача ўсди. Электр энергияси, бензин ва дизель ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ошди.

2023 йили Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импорт қилди. Таъминотдаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бундай ҳолатга олиб келган омилларни таҳлил қилганди.

Биз Ўзбекистондаги энг йирик газ қазиб олучи ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» компанияси газ қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш учун юзлаб млн доллар сармоя киритаётгани, бироқ кўрсаткич пасайишда давом этаётгани ҳақида ёзгандик.