Сирдарё вилоятидаги «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида яшайдиган руҳий носоғлом аёлнинг устидан мазах қилингани акс этган видео эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — омбусдман ҳолатни тасдиқлаб, муносабат билдирди.

Таъкидланишича, С.Я. исмли бемор (аёл)да ақли заифликнинг оғир даражаси сабабли хулқ-атвор бузилиши билан кечувчи руҳий ҳолат тез-тез кузатилади. «Яъни доимий равишда яқин қариндошларини эслаб, уйимга жўнатинг ёки чақириб беринг, деб йиғлаш ҳолатлари юзага келади», — дея тушунтирди инсон ҳуқуқлари бўйича вакил.

Ушбу муассасага аутсорсинг асосида хизмат кўрсатадиган тадбиркорлик субъектида ишловчи Х.М. ва Ш. О. исмли аёллар эса унинг руҳий ҳолатини била туриб, ҳудудда эркин сайр қилиб юрган пайтида ошхонага олиб кирган ва мазах қилган. Ҳолатни видеотасвирга олиб, ошхонада ишловчи ходимлар гуруҳига жўнатган, дейилади хабарда.

Улар буни шифокор, ҳамшира ва кичик тиббий ходимлар (энага) рухсатисиз амалга оширган.

17 май куни интернат уйи раҳбари Сирдарё тумани ИИБга мурожаат қилиб, аёлларнинг хатти-ҳаракатига «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги» қонуннинг 3 ва 4-моддалари юзасидан қонуний чора кўриш бўйича мурожаат қилган.

Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва улар вазифасидан озод этилган. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Омбудсман минтақавий вакили бемор ва унинг шифокори билан суҳбатлашганда кайфияти ва руҳий ҳолати яхши экани маълум бўлди. Инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият. Ҳеч кимнинг уни топташга ва поймол қилишга ҳаққи йўқ!» — дея қўшимча қилинди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги уларга нисбатан энг кам иш ҳаққининг 10 баравари миқдорида (10 миллион 500 минг сўм) жарима жазоси тайинланганини маълум қилди. Улар ишловчи Innovation-Outsorsing-Service фирмаси билан тузилган шартномани бекор қилиш учун раҳбари номига огоҳлантириш хати чиқарилган.