Январь-апрель ойларида Ўзбекистон 462,8 млн долларлик газ импорт қилди, буни президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган ташқи савдо маълумотларида кўриш мумкин.

Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан деярли 3 баравар (қиймат кўринишида) кўп, ўшанда етказиб бериш миқдори 153,1 млн долларни ташкил қилганди. Бу, шунингдек, 2023 йилдаги барча газ импортининг 67 фоизини (694,9 млн доллар) ташкил этади.

Январь ойида «мовий ёнилғи» импорти 35,6 млн долларни, февралда 3,7 баробар кўп ёки 131,1 млн долларни, март ойида 193,5 млн, апрелда эса 102,6 млн долларни ташкил этди. Агентлик етказиб беришнинг физик ҳажмини анъанавий равишда ошкор қилмай келади.

Йил бошидан буён Ўзбекистон, шунингдек, 52,3 млн долларлик газ экспорт қилди: январда — 21 млн доллар, февралда — 5,7 млн доллар, мартда — 18,7 млн доллар, апрелда эса 6,9 млн доллар.

Аввалроқ январь-февраль ойларида Хитой Ўзбекистондан 57,38 млн долларлик газ сотиб олгани ҳақида хабар бергандик, бу Ўзбекистон томони эълон қилган ҳажмдан 2 баробар кўп.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳаракат қилганди.

2023 йил 7 октябрдан Ўзбекистон газни Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали шимолий йўналишда импорт қилмоқда. Расмийлар «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 млн долларга модернизация қилмоқчи.