Қашқадарё вилоятида 52 ёшли аёлнинг банк картасидан 2 млн сўм пул ечиб олган йигит ушланди, деб хабар бермоқда ИИВнинг Киберхавфсизлик маркази.

Қайд этилишича, шу вилоятда яшовчи аёл ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан пул ўғирланганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув натижасида жиноятчи Ф.Ш. исмли йигит экани, у бу жиноятни Telegram мессенжери орқали турли хил мазмундаги хабар (ҳавола)лар жўнатиш, сўнгра банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали содир этгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми (Қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғирилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Қонунга мувофиқ, бу моддадаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Аввалроқ худди шу йўл билан Тошкентда фуқаронинг банк картасидан 11,7 млн сўм пул ўғирлангани ҳақида хабар бергандик.