Соат 20:00га қадар президент сайловида овоз берганлар 80,8%дан ошди. Дастлабки натижалар эртага эълон қилинади.
Ўзбекистонда президент сайловида овоз бериш якунланди. Дастлабки натижалар эртага эълон қилинади.
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маълум қилишича, айрим сайлов участкаларида «оилавий» овоз бериш ҳолатлари учрамоқда. 519-сайлов участкасида олинган видеолавҳа ҳам таҳлил қилинган. Ўрганиш натижалари прокуратурага юборилган.
Соат 17:00га қадар президент сайловида овоз берганлар 71,8%дан ошди. Қатор давлатлардаги ваколатхоналарда овоз бериш тугади. Вашингтон ва Нью-Йоркда сайлов участкалари очилди.
Оиласи билан сайловда овоз берган Сенат раиси ва ҳукумат раҳбари, бош прокурор, вазир ва вилоят ҳокимларининг сайловда иштироки, «келажаги учун овоз берган» Комил Алламжонов — «Газета.uz» уларнинг сайлов участкасида олинган суратларини тўплади.
15:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президенти сайловларида рўйхатга олинган сайловчилардан 12 млн 748 минг 549 киши, яъни уларнинг 64,2 фоизи овоз берди.
Буюк британиялик халқаро кузатувчи Ўзбекистонда келгусиисайловларда дунёнинг исталган нуқтасидан овоз бериш, ташкилий харажатларни қисқартириш ва сайлов комиссияси фаолиятини янада самарали қилиш имкониятини тақдим этувчи онлайн овоз бериш тизими жорий этилишига умид билдирди.
Соат 15:00га қадар прокуратура органлари президент сайловлари жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари бўйича хабарлар олгани йўқ, дея хабар берди бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев. У қонун бузилишлари ҳақидаги барча маълумотлар ҳам прокуратура органларига етиб бормаслиги мумкинлигини таъкидлаб, журналистларни Бош прокуратурага бундай ҳолатлар бўйича маълумот беришга чақирди.
Президент сайловида 10 млн 462 минг 575 нафар фуқаро, яъни рўйхатга олинган сайловчиларнинг 52,7 фоизи овоз берди.
Ўзбекистонда президент сайловлари халқаро стандартларга мос ўтказилмоқда, дея таъкидлади Россия Федерал Кенгаши қўмитаси раисининг ўринбосари. Унинг фикрига кўра, номзодлар илгари сурган дастурлар умуман олганда «ўзбек халқининг кутилмаларига жавоб беради».
Тошкентда Ўзбекистон президенти сайлови куни қандай ўтмоқда — «Газета.uz» мухбирлари объективида.
ЕХҲТнинг махсус координатори Рейнхольд Лопатка Ўзбекистондаги сайлов жараёнининг яхшиланганини қайд этди. «Сизлар тўғри. йўлдасизлар, лекин бу охирги қадам эмас, навбатдаги қадамларни ҳам қўйиш керак», — деди у. Шу билан бирга у айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.
Соат 11:00 га қадар Ўзбекистон президенти сайловларида 33,6% сайловчилар овоз беришди. «Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
МСК маълумотларига кўра, соат 9:00 да Ўзбекистонда бўлиб ўтаёган президент сайловларида сайловчиларнинг 12,3 фоизи овоз берган. Энг паст кўрсаткич — Тошкентда (7,2%), энг кўп овоз берганлар — Фарғона вилоятида (16,9%).
Амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларида иштирок этиб, ўз овозини берди (фото).
Президент сайлови учун ташкил этилган биринчи участкалар Тошкент вақти билан Сеул ва Токиода 4:00да очилди. Охирги бўлиб Нью-Йоркдаги сайлов участкаси 25 октябрь куни эрталаб ёпилади. МСК раҳбари Зайниддин Низомхўжаев қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилди.
«Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров 116-сайлов участкасида овоз берди.
Адолат партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Тошкент шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.
Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисова президентлик сайловларида ўз овозини берди.
Экология партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов Тошкент шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг