Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 24 октябрь куни бўлиб ўтаётган Ўзбекистон президенти сайловини 969 нафар халқаро кузатувчи кузатиб бормоқда. Улардан 629 нафари халқаро ташкилотлар, 340 нафари хорижий давлатлардан.

Буюк британиялик кузатувчи Ваис Кайс тушда 113-сайлов участкасига ташриф буюрди. У ҳудудлардаги сайлов жараёнлари билан яқиндан танишиш учун жами 6−7 та участкага, жумладан, Тошкент вилоятига ҳам бориш истагида эканлигини таъкидлади.

Сайлов участкаси раҳбари Анжелина Величко кузатувчига фуқароларни президент сайлови ҳақида хабардор қилиш, таклифномалар юбориш ва бошқа саволларга жавоб бериш жараёни қандай ташкил этилгани ҳақида сўзлаб берди.

«Мени уларда сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси борми, у қандай ишлайди, шунингдек, овоз бериш жараёни қандай кетаётгани қизиқтирди. Сайлов участкаси раҳбари ҳар томонлама жавоб берди», — деди Ваис Кайс.

Ваис Кайс сайлов участкаси раҳбаридан тизимли бўшлиқлар ҳақида ҳам сўради. Анжелина Величко Сайлов кодексининг қабул қилиниши барча бўшлиқларни ёпди, деб жавоб берди.

«Яқин кунларда ушбу сайловлар, фуқароларнинг фаоллиги ва номзодлар ўртасидаги рақобатни баҳолашим керак бўлади. Лекин шахсан мен бу сайловни демократия сари ижобий қадам деб биламан. Жуда муҳим ва асосий тузилма аллақачон сиёсий тизимга ишониб топширилган, лекин ҳали ҳаммаси олдинда. Жараён ривожланади, шаффофлик нуқтаи назаридан яхшиланади. Балки ва умид қиламанки, кейинги сайловларга қадар сизда онлайн овоз бериш тизими мавжуд бўлиб, сайловчилар сайлов участкасига келмаслиги ва улар дунёнинг исталган нуқтасидан, исталган жойдан овоз беришлари мумкин бўлади», — деди Крис Ваис «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

Британиялик кузатувчи, шунингдек, фуқаролар почта орқали овоз бериш имкониятига эга бўлишига, овоз бериш учун таклифномалар эса сайлов комиссияси аъзолари эмас, почтачилар томонидан етказилишига умид билдирди. Кузатувчига кўра, электрон почта орқали хабардор қилиш ва онлайн овоз беришнинг кўплаб афзалликлари бор, жумладан, сайлов харажатларини камайтириш ва самарадорлигини ошириш мумкин.

«Эътиборлиси, тизим қанча одамни қамраб олади, ахир биз 35 миллион ҳақида гапиряпмиз. Балки, 60 фоиз аҳоли, ахир сизларда 18 ёшдан кичиклар жуда кўп. Бу давлат сайловларга жуда катта куч сарфлайди, дегани. [Сайлов комиссияси аъзолари] 13−16 миллионта хатни етказиб бериши керак! Бироқ агар онлайн платформа бўлса, сайловчи шунчаки сайтга киради ва овоз беради, бу барчасини осонлаштиради», — деди ва онлайн овоз бериш фуқароларни янада фаол бўлишга рағбатлантириши мумкинлигини қўшимча қилиб ўтди у.