Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти махсус координатори, ЕХҲТнинг Ўзбекистонда президентлик сайловларини кузатувчи қисқа муддатли миссияси раҳбари, австриялик депутат Рейнхольд Лопатка журналистлар билан суҳбатда сайлов кампанияси ва президент сайлови ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. У сайлов кузатувчичи сифатида Тошкентдаги қатор сайлов участкаларига ташриф буюрди.

Унинг таъкидлашича, президент сайлови, 2019 йил декабрдаги парламент сайловлари каби, яхши даражада ташкиллаштирилган.

Бундан ташқари, Рейнхольд Лопатка сўнгги йилларда сайловлар соҳасида мамлакатда ривожланиш бўлганини қайд этди. «Сизлар тўғри йўлдасизлар, лекин бу охирги қадам эмас, навбатдаги қадамларни қўйиш керак», — деди у.

Шу билан бирга, ЕХҲТ вакили сайловдаги айрим камчиликларни ҳам қайд этди. «[Сайлов участкаларидан бирида] бир кишининг сайлов қутисига иккита бюллетень ташлаганини кўрдим, нега бундай қилганлигини билмайман», — дея таъкидлади у.

Рейнхольд Лопатканинг фикрига кўра, сайлов кампаниялари давомида президентликка номзодларнинг мулоҳазаларида катта фарқлар кузатилмаган.

«Австрияда номзодлар ўртасида рақобат ва кураш анча кучлироқ. Гарчи сиз сайланган президент бўлсангиз ҳам, бошқа номзодлар кампания давомида сиз ҳақингизда танқидий фикрлар билидириши мумкин. Бу менинг юртим ва Ўзбекистон ўртасидаги катта фарқ», — деди у.

Номзодларнинг сайлов кампаниясини ёритиш масалалари бўйича Рейнхольд Лопатка қуйидаги фикрларни билдирди:

«Албатта, [сайлов кампаниясини ёритиш] тенг бўлмади, лекин бу ғарб мамлакатларида ҳам кузатилади, у ерда ҳам амалдаги президентни бошқа номзодларга қараганда кўпроқ ёритишади», — деди у.

«Эҳтимол, бу ерда президент кўпроқ ёритилди, лекин бу ноодатий ҳолат эмас, буни Европа мамлакатларида ҳам кўриш мумкин», — деди ЕХҲТ вакили.

Маъмурий ресурсларнинг ишлатилиши борасида у шундай деди: «Европанинг айрим давлатларида қатъий талаблар мавжуд ва ундан (маъмурий ресурслардан) фойдаланишнинг иложи йўқ. Аниқ талаблар бўлиши, қонунчилик билан белгиланиши доимо муҳим».

Бундан ташқари, Рейнхольд Лопатка номзодларнинг фақат сиёсий партиялардан кўрсатилишига ҳам тўхталди. «Баъзи партиялар рўйхатга олинмади», — дея қўшимча қилди у.

Видео