Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 8.00 да бошланган президент сайлови қонунчиликка ва демократик тамойилларга мос ҳолда ўтаётганлигини таъкидлади.

«Соат 8:00да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 761 та сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради ва сайловчилар овоз беришга киришди», — деди у Тошкентдаги брифингда. Сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилганлиги қайд этилди.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан сайлов илк бор октябрь ойида ўтказилмоқда. 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан 421 минг 618 нафар сайловчи фойдаланди.

Барча сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилган.

Ўзбекистоннинг 37 та хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 54 та сайлов участкалари иш олиб боради. Овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд, Ҳиндистон ва Россиянинг Узоқ Шарқдаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

Овоз бериш Тошкент вақти билан соат 4:00 да Токио ва Сеулда бошланиб, 25 октябрь куни Тошкент вақти билан 6:00да Нью-Йоркда якунланади, деди Зайниддин Низомхўжаев.

Бу йил сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилганлиги аниқлаштирилди. Олдинроқ ушбу рақамлар 21,2 миллиондан ортиқлиги ҳақида айтилган эди.

Биринчи маротаба бешта сиёсий партия номзоди иштирок этган сайлов кампанияси даврида партиялар томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмади, дея таъкидлади МСК раҳбари.

Сайловни жами 971 нафар халқаро кузатувчилар, жумладан йигирмага яқин халқаро ташкилотдан 631 нафар, элликка яқин давлатдан келган 340 нафар халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб бормоқда. Сиёсий партиялардан 53 минг 717 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқари органларидан 10 минг 733 нафар кузатувчилар сайловни бевосита кузатмоқда.

1672 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари сайловни ёритиб бормоқда.

Зайниддин Низомхўжаев сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланса суд, прокуратура органлари ёки сайлов комиссияларига мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилди. Бунинг учун барча сайлов участкаларида маъмурий судлар ва прокуратура органларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар мавжуд.