Соат 15:00га қадар прокуратура органларига сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолати рўй бергани ҳақида хабар ва мурожаат келиб тушмади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот марказидаги брифингда Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев хабар берди.

МСК ва бошқа идоралар ҳам прокуратурага сайловлардаги қонун бузилишлари ҳақида материаллар тақдим этишгани йўқ, дея таъкидлади у.

14−20 октябрь кунлари 421618 киши (шулардан 301 минг нафари Ўзбекистонда) иштирок этган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида ҳам қонун бузилишига йўл қўйилганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмади.

Ниғматулла Йўлдошевнинг таъкидлашича, агар сайлов қонунчилиги бузилганлиги ҳақида хабар ва мурожаатлар келиб тушса ёки оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бирор маълумотлар эълон қилинса, улар ўша заҳоти Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган штаб томонидан алоҳида назоратга олинади.

«Бундай мурожаатлар тезкор равишда қонун доирасида мукаммал ўрганилади ва улардаги ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади», — деди у.

Бош прокурор сайлов қонунчилигининг бузилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида эслатиб ўтди. Фуқаролар сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

Ниғматулла Йўлдошев журналистларга қарата шундай деди: «Қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги ҳамма маълумот ҳам бизгача етиб келмаслиги мумкин. Сизлар бевосита жойларда сайлов участкалари ва округларида вазиятни ўрганиб, сайловчилар, сайлов комиссиялари вакиллари билан мулоқотдасиз. Агарда, сизларда қонун бузилиши тўғрисида бирон-бир маълумот мавжуд бўлса, уни Бош прокуратурага тақдим этсангиз, уни зудлик билан ўрганиб, тегишли баҳо берилишини таъминлаш чораларини кўрамиз. Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз».