Сиёсат
ЕХҲТ ДИИҲБ эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Ўзбекистонга келди
Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ мамлакатнинг 2024 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларини кузатиш заруриятини баҳолашни бошлади. Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ЕХҲТ ДИИҲБ тавсияларини сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш чоралари ишлаб чиқилгани учун миннатдорлик билдирди.
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари имтиёзларини мақбуллаштириш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича комиссия тузилди
Президент фармони билан субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилди. У имтиёзларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиб, таклифлар тайёрлаши керак.
Сўнгги 5 йилда рублнинг Ўзбекистон экспорт ва импортидаги улуши сезиларли ошди
Охирги 5 йилда Россия рублининг Ўзбекистон экспортдаги улуши 0,8 фоиздан 5,3 фоизгача, импортдаги улуши эса 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача ошди. 2023 йилда экспортнинг 79,5 фоизи долларда, 9,9 фоизи еврода амалга оширилган. Сўмдаги экспорт ва импорт улуши мос равишда 0,2 ва 0,3 фоизни ташкил этди.
Инвестор Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи учун ҳали пул тўламаган — Давактив
2022 йилнинг май ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги 100 фоиз давлат улуши Saneg компаниясига 100 млн долларга сотилгани хабар қилинган эди. Аммо ҳозирда 58,5 фоиз улуш давлат ҳисобида сақланиб қолмоқда. Давактив буни инвестор кўчмас мулк учун маблағни ҳали тўлиқ тўламагани билан изоҳлади.
Сўм долларга нисбатан кетма-кет бешинчи сессияда мустаҳкамланиб бормоқда
Марказий банк эълон қиладиган АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси кетма-кет беш савдо кунидирки, пасаймоқда. 24 майдан буён миллий валюта қарийб 84 сўмга мустаҳкамланиб, 12 640 сўмни ташкил қилди.
Жамият
Тошкентга тўрт вагонли яна 3 та метро поезди келтирилди
Тошкент метросига тўрт вагонли 3 та метро поезди олиб келинди. Улар 7−10 кун синовдан ўтказилгач, «Ер усти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракатга чиқарилади. Бунгача шундай поездлардан 5 таси келтирилганди.
Хоразм вилоятида чиқинди хизмати учун тарифлар оширилди
Хоразм вилоятида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари нархи оширилди. Эндиликда Урганч шаҳри ва Урганч тумани аҳолиси хизмат учун бир ойда 5880 сўм, Хива шаҳри ва вилоятнинг бошқа туманлари аҳолиси эса 4592 сўм тўлайди.
Тошкент ва Фарғонада Ҳаж сафарига ноқонуний юборишга уринганлар қўлга олинди
Пойтахтдаги турли сайёҳлик фирмалари ходимлари фуқароларни сохта ҳужжатлар орқали Ҳаж сафарига юбориш эвазига улардан пул олган вақтда ушланди. Қўқон шаҳрида кузатилган иккита ҳолатда ҳам бундай хизмат учун фуқаролардан 6000 доллардан сўралгани аниқланди.
Тошкентдаги ЙТҲда бир ҳайдовчи жароҳат олди
Мирзо Улуғбек туманида Monza ва Nexia-1 автомобиллари тўқнашди. Оқибатда Nexia ҳайдовчиси жароҳат олди.
Жиззахда «КамАЗ» Spark машинасининг орқасидан қасддан келиб ургани ортидан дўконга шикаст етди
Жиззах вилояти Зарбдор туманида «КамАЗ» ҳайдовчиси дўкон ёнида турган Spark машинасининг орқасига келиб урган. Оқибатда машинага ҳам, дўконга ҳам жиддий зарар етган. Ҳолат вилоят ИИБ томонидан ўрганилмоқда.
1 июнда «Янги Ўзбекистон» боғи пляжига 10 мингта пластик ўрдак туширилади. Эковазирлик — қарши
Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғи 1 июнь куни пляжига 10 мингта ўйинчоқ ўрдак туширмоқчи. Экология вазирлиги бу каби ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлишини билдириб, янгиликни «кескин қоралади».
Намангандаги қамоқхонада маҳкум ўз жонига қасд қилди
Намангандаги жазони ижро этиш муассасасида гиёҳванд моддалар савдоси сабаб қамалган 24 ёшли маҳкум ўзини осиб, вафот этди. Марҳумнинг онаси ўғлининг танасида қийноқ излари борлигини айтди, Бош прокуратура эса маълумотни рад этмоқда.
Спорт
Футзал бўйича ЖЧ ўйинларига чиптаси бор мухлислар темирйўлдан 50 фоизли чегирма билан фойдаланади
Ўзбекистонда 14 сентябрь — 6 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига чиптаси бор мухлислар темирйўлдан 50 фоизли чегирма билан фойдаланади. Шунингдек, улар учун жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.
Жаҳон
Таиланд Ўзбекистон учун визасиз режим жорий қилмоқда
Таиланд 1 июндан мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сонини 57 дан 93 тага оширмоқда, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг қолиш муддати 60 кунгача узайтирилмоқда.
Грузия парламенти президентнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунга қўйган ветосини четлаб ўтди
Грузия парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг «хорижий агентлар тўғрисида»ги резонансли қонунга қўйган ветосини четлаб ўтди. Ҳукмрон партия оммавий норозиликларга қарамай, ҳужжатни қабул қилди. Европа Иттифоқи бундан «чуқур афсусдалигини» билдирди.
Шимолий Корея Жанубий Кореяга чиқиндидан иборат 200 дан ортиқ шар учирди
Шимолий Корея Жанубий Кореяга пластик бутилкалардан тортиб гўнггача бўлган турли хил ахлатларга тўлдирилган 200 дан ортиқ шарни учирди. КХДР буни жанубий кореялик фаоллар томонидан Пхеньянга қарши қаратилган варақаларга жавоб дея атади.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!