Жиззах вилоятида маст ҳолда қасддан Spark машинасини уриб, дўконга шикаст етказди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 28 май куни соат 01:19 ларда Зарбдор тумани «Равот» МФЙда жойлашган савдо дўкони иш юритувчиси вилоят ИИБнинг 102 хизматига қўнғироқ қилиб «КамАЗ» русумли юк автомашинаси эгаси савдо дўконини бузиб ташлагани тўғрисида маълум қилган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида Зомин тумани «Нурликент» МФЙда яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро Т.Ш. «Кaмаз» русумли юк автомашинасини маст ҳолда савдо дўкони олдига бошқариб келиб, дўкон ёнида турган Зарбдор тумани «Навоий» МФЙда яшовчи 2000 йилда туғилган Ҳ.Р ва у билан бирга бўлган У.О.лар билан ўзаро тортишиб қолган.

Оқибатида Ҳ.Р. Т.Ш.нинг юз қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган. Шундан сўнг Т.Ш. жаҳл устида ўзи бошқарувидаги юк автомашинасига ўтириб, уни ҳайдаб, шу ерда турган Ҳ.Р.га тегишли Spark автомашинасининг орқасидан уриб, автомашина ва савдо дўконига моддий зарар етказган.

«Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ҳозирда терговга қадар текширув давом этмоқда. Тергов натижаларига кўра ушбу воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади ИИБ хабарида.