Ўзбекистонда тадбиркорларга берилаётган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни оптималлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилмоқда. Бу президентнинг 24 майдаги қарорида назарда тутилган.

Унга бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилади. Унинг таркибига Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Ҳисоб палатаси биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев, адлия вазири Акбар Тошқулов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, бандлик вазири ва жами 22 киши киради.

Комиссияга 1 октябрга қадар Президент администрациясига амалдаги барча қўллаб-қувватлаш чораларини хатловдан ўтказган ҳолда, уларнинг иқтисодиётга ва соғлом рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиш ҳамда самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича тубдан қайта кўриб чиқиб, тегишли таклифлар киритиш топширилди. 2021 йилда имтиёзларнинг умумий ҳажми 51 трлн сўмни ташкил этганди.

Ушбу таклифлар туман ва шаҳар тоифасидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш тартиби натижадорлигини баҳолашни, шунингдек, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаш тартибини жорий этишни ўз ичига олиши керак.

Шунингдек, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган соҳалар, тармоқлар ва фаолият йўналишлари доирасини аниқ белгилаш, қонунчилик ҳужжатларига имтиёзлар ва преференциялар тушунчаси, турлари ва шаклларини тўлиқ ифодалайдиган нормаларни киритиш, қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш, мақсадсиз фойдаланилган маблағларни мажбурий тартибда қайтариш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.

Имтиёзлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда очиқ манбаларда эълон қилиниши кутилмоқда.

Бундан ташқари, таҳлил ва баҳолаш натижаларига кўра самарасиз деб топилган имтиёзлар, субсидиялар ва преференциялар бекор қилиниши белгиланди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳар йили 1 июлга қадар қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг соғлом рақобат муҳитига таъсирини баҳолаб, баҳолаш натижаларини Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тақдим этиши шарт.

1 июлга қадар солиқ ва божхона имтиёзларини бериш учун асос бўлган ҳужжатлар (лицензиялар, сертификатлар ва бошқалар)нинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини тасдиқлаш учун Солиқ ва божхона қўмиталари билан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

2025 йил 1 январдан бошлаб «subsidiya.mf.uz» платформасида тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестрни жорий этиш топширилди.

Худди шу қарорда тадбиркорлик субъектларига уларнинг барқарорлик рейтингига қараб имтиёзлар бериш тартиби белгилаб қўйилди.

Ўзбекистонда икки йил ичида давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори беш бараварга — 5,63 триллион сўмдан 29,25 триллион сўмга (2,5 миллиард доллар) ошди. 18 триллион сўм газ сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплашга, 1,72 триллион сўми иссиқлик энергиясига етказилган зарарни қоплашга, 1,02 триллион сўми геология-қидирув ишларига йўналтирилади.