29 май куни Тошкент метрополитени вагон паркига тўрт вагонли 3 та метро поезди олиб келинди, дея хабар бермоқда метрополитен матбуот хизмати.

Қайд этилишича, вагонлар Россиянинг «Метровагонмаш» заводида ишлаб чиқарилган. Мазкур ҳаракат таркиблари белгилан йўриқномага асосан, 7−10 кун давомида техник синовдан ўтказилади ва йўловчиларга хизмат қилиши йўлга қўйилади.

Йўналишлардаги вақт интервалларини янада қисқартириш мақсадида, янги ҳаракат таркиблари асосан, «Ер усти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракатга чиқарилади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, бунгача февраль ойида 3 та, апрель ойида 2 та тўрт вагонли метро поездлари олиб келинган.

2019−2021 йилларда пойтахт метросига «Метровагонмаш»дан умумий қиймати 91,3 млн евро бўлган 60 та вагон олиб келинган. Бу 15 та таркибни шакллантириш ва ҳаракатланиш оралиқларини қисқартириш имконини берган.