Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистонга келди, деб хабар қилди Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2024 йилда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сайлов арафасида сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарур сони тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ташриф дастурига мувофиқ экспертлари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашади.

28 май, сешанба куни миссия экспертлари ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов департаменти катта маслаҳатчиси Кеара Кастальдо ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Каха Инаишвили Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев билан учрашди.

ехҳт дииҳб

Учрашувда томонлар ЕХҲТ ДИИҲБ миссиялари тавсияларининг сайловни кузатиш натижаларига кўра миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этилишини муҳокама қилди.

Шунингдек, экспертлар парламент қуйи палатаси ва сайлов органлари тизимидаги ўзгаришлар билан танишди. Ушбу ўзгаришларга кўра, мамлакатда сайлов органларининг ягона марказлашган тизими шакллантирилмоқда, парламент қуйи палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.

«Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ДИИҲБ миссияларининг 2023 йилда ўтказилган референдум ва муддатидан илгари президент сайловини кузатиш бўйича якуний ҳисоботларини таҳлил қилиш ва улардаги тавсияларни сайлов қонунчилиги ва амалиётига жорий қилиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, мамлакатимизда сайлов тартиб-таомиллари тамойилларини умумэътироф этилган халқаро демократик тамойилларга мувофиқ такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирди», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, улар Ўзбекистонда сайлов жараёнларини умумеътироф этилган халқаро демократик тамойилларга мувофиқ такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватладилар.