1 июнь — Болалар куни муносабати билан Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғидаги пляжга 10 мингта пластик ўрдак ўйинчоғи туширилади, деб хабар берди боғ маъмурияти.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу янгиликка муносабат билдириб, «бундай хатти-ҳаракатларни кескин қоралашини» ва бу каби ҳолатлар «жавобгарликка сабаб бўлишини» маълум қилди.

«Пластик буюмлар узоқ муддат чиримайди ва чиқинди сифатида табиатга катта зарар етказади», — дея таъкидлади вазирлик.

Хабарда қайд этилишича, бу «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Чиқиндилар тўғрисида«ги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Шу сабабли вазирлик боғ мутасаддилари билан тушунтириш ишлари олиб борган ва огоҳлантирган.

Вазирлик истироҳат боғлари, дам олиш масканлари мутасаддиларини экологияга зарар келтирадиган хатти-ҳаракатларни амалга оширмасликка чақирди.

Ўз навбатида, «Янги Ўзбекистон» боғи матбуот хизмати эълон жойлаштирилган Instagram`даги пост изоҳида ушбу ўйинчоқ ўрдакчалар чўмиладиган сув ҳавзасига ташланиши ва яна йиғиб олинишини маълум қилди.

«Ўрдакчалар чиқиндига ташланмайди, йиғиб олиниб, махсус ёпиқ бинога жойлаштирилади», — дея таъкидлаган боғ акция назорат остида ўтказилишини, асосий мақсад болаларга яхши кайфият улашиш эканини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги «Ашхобод» сайилгоҳи маъмурияти ҳам 10 апрель куни боғдаги чархпалакдан 20 мингта шар ёғдирилишини маълум қилганди. Экология бошқармаси ўрганишларидан сўнг шарлар чархпалакдан эмас, ердан 5 метр баландликдаги темир балкалардан тушириладиган бўлди.