Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) учун инвестор ҳалигача тўлиқ пул тўламаган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Kun.uz`га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил май ойида Давактив ФНҚИЗнинг 100 фоиз улуши 103 та нефть ва газ конларида ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган энг йирик хусусий нефть-газ компанияси Sanoat Energetika Guruhi (собиқ Jizzakh Petroleum)`га сотилишини эълон қилган эди. Илгари ФНҚИЗ ва конлар «Ўзбекнефтгаз»га тегишли бўлган.

saneg, давлат активларини бошқариш агентлиги, даба, давактив, хусусийлаштириш, фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, фнқиз

Ушбу келишувга қарамай, 2024 йил 29 май ҳолатига кўра, ДАБА давлат номидан 58,5 фоиз улушни сақлаб қолмоқда, Saneg эса 41,5 фоизига эгалик қиляпти. Давактивнинг таъкидлашича, инвестор ҳалигача завод учун маблағни тўлиқ тўламаган. «Харид қийматини тўлаган қисмига мутаносиб равишда улуш ўтказиб берилади. Харид қиймати тўлиқ тўлангандан ва шартнома шартларини бажаргандан сўнг, улуш ҳам тўлиқ ўтказилади», — дейилади хабарда. Агентлик компания тўлиқ суммани қанча муддатда тўлаши кераклигига аниқлик киритмаган.

Келишув доирасида Saneg заводни модернизация қилиш учун 380 миллион доллардан ортиқ инвестициявий мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Корхонада шунингдек, Евро-5 талабларига жавоб берадиган замонавий ва экологик тоза бензин ва дизель ёнилғиси, Жет А-1 реактив ёқилғиси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш, нефть агрегатларини модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннадан ошириш зарур.

2024 йилнинг иккинчи чораги учун инвестиция дастури маълумотларига кўра, модернизация қиймати 389,3 миллион долларга кўтарилган, 1 январь ҳолатига кўра, қолдиқ 171,8 миллион долларни ташкил этган; хорижий ҳамкорлар Швейцариянинг Gas Project Development Central Asia ва Кипрнинг Belvor Noldings Limited компанияси ҳисобланади. Аввалроқ ушбу компанияларнинг тадбиркор Бахтиёр Фазиловга алоқаси борлиги ҳақида хабар берилган эди.

Қайд этиш жоиз, бу вақт ичида Saneg 41,5 фоиз улуш учун 41,5 миллион доллар тўлаши керак бўларди. Жорий курс бўйича бу тахминан 525 миллиард сўмни, ўртача ҳисобда эса 450 миллиард сўмдан бироз камроқни ташкил қилади.

2022 йилдан буён заводнинг соф фойдаси 557,3 миллиард сўмни ташкил этади: 2022 йилда — 19,3 миллиард сўм, 2023 йилда — 469,6 миллиард сўм, 2024 йилнинг биринчи чорагида — 68,4 миллиард сўм.

Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича, компания заводни сотиб олиш харажатларини ушбу завод фойдаси ҳисобига тўлаши мумкин. «Газета.uz» Saneg ва Давактивга завод фойдаси қандай тақсимлангани, инвестор қанча тўлагани, тўловлар қанча муддатда тўланиши кераклиги ва инвестиция мажбуриятлари бажарилиши бўйича сўровлар юборди.