Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон ташқи савдосида қайси валюталар улуши қанчани ташкил этаётгани юзасидан маълумот берди ва халқаро савдо амалиётларини миллий валютада олиб бориш жуда катта хатарларга олиб келиши ҳамда томонларнинг транзакцион харажатларини кескин ошириб юборишини таъкидлади.

Ўзбекистон ташқи савдосида доллар ва евронинг улуши юқори ҳисобланади. Хусусан, 2019 йилда импортда евро ва долларнинг улуши 95 фоизни ташкил этган (доллар 83 фоиз, евро 12 фоиз) бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 89,4 фоизгача камайган (доллар 79,5 фоиз, евро 9,9 фоиз). Экспортда эса доллар ва евронинг улуши 2019 йилдаги 99,1 фоиздан 2023 йилда 93,2 фоизгача камайган.

Сўнгги беш йилда рублнинг улуши экспортда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга етган бўлса, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача ўсган.

Шунингдек, ташқи савдода сўм ҳам оз бўлса-да қўлланиб, 2019 йилда 8,7 млн долларлик импорт товарлар (улуши 0,1 фоизга ҳам етмайди), 2,4 млн долларлик экспорт товарлар сўмда савдо қилинган бўлса, 2023 йилга келиб сўмдаги импорт 87 млн долларга (улуши 0,3 фоиз), сўмдаги экспорт эса 21,2 млн долларга етган (улуши 0,2 фоиз).

Ҳозирда баъзи давлатлар ёки иқтисодий блоклар ташқи савдони амалга оширишда миллий валюталардан фойдаланади. Хусусан, Европа иттифоқида ташқи савдосининг 66 фоизи еврода амалга оширилади. Россия бошқа давлатлар билан савдоларда асосан рубль ва юандан фойдаланмоқда. Бу икки валютанинг умумий РФ ташқи савдосидаги улуши 70 фоиздан ошади (рубль 40 фоиз, юань 30 фоиз).

Бутун дунё товар савдосининг қарийб 80 фоизи долларда амалга оширилади. Хусусан, товар экспортидаги доллар улуши Америка қитъасида 96 фоиз, Осиё-Тинч океанида 74 фоиз, Европада 23 фоиз (мазкур ҳолат минтақада валюта иттифоқининг мавжудлиги билан изоҳланади), дунёнинг бошқа давлатларида 79,4 фоизни ташкил этади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги иқтисодиёти кичик бўлган давлатлар қуйидаги сабабларга кўра ўз валюталаридан халқаро савдоларда кенг фойдаланиш имконияти чекланганини таъкидлади:

  • а) Валюта ликвидлиги пастлиги. Ҳар қандай миллий валюта фақат ана шу давлат доирасидагина тўлақонли тўлов воситаси бўлиб, бошқа давлатларда муомалада бўла олмайди. Бу давлатнинг иқтисодиёти хажми қанча кичик бўлса, миллий валютага шу давлат ичида иккинчи томон учун керакли маҳсулотларни керакли хажмда топиш ва алмаштириш турли қийинчиликлар туғдиради;
  • б) Юқори волатиллик. Кичик давлатлар валюталари нисбатан юқори тебранишларга мойил бўлади. Яъни иқтисодиёти кичик ва фискал-захира имкониятлари чекланган давлатларда миллий валютанинг курси ташқи қарз, бюджет харажатлари ҳажми, ташқи савдо ва тўлов балансидаги ўзгаришларга жуда реактив бўлади. Бу эса савдо шартномаларини амалга оширишда томонларнинг бирининг харажатлари ошишига олиб келади. Бундан ташқари, импортёр ёки экспортёрлар нисбатан кўп тебранувчи валюталарда шартнома қилишдан тийилади;
  • с) Миллий валютага бўлган ишончнинг пастлиги. Юқоридаги келтирилган фактлар туфайли иқтисодиёти кичик бўлган давлатлар валютасига халқаро савдоларда ишонч паст бўлади. Эркин муомаладаги валютасига эга бўлган харидор керакли товарни Ўзбекистон бозоридан топа олмаса, уни дунё бозоридан ўзига мақбул нархларда топиш имкониятига эга. Лекин у ўз товарини сўмга сотган бўлса, фақат сўмга маҳсулот сотиб олишга, ёки долларга алмаштиришга мажбур бўлади. Охирги ҳолатда миллий валютада савдо олиб боришнинг ҳеч бир мантиғи қолмайди.

Агентлик, юқоридаги фикрлардан келиб чиқилса, халқаро савдо амалиётларини миллий валютада олиб бориш жуда катта хатарларга олиб келиши ва томонларнинг транзакцион харажатларини кескин ошириб юборишини қайд этган.

2019 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби Ўзбекистонга қўшни мамлакатларнинг биронтаси халқаро савдода миллий валютасидан фойдаланмаган. Хусусан, Қозоғистон экспортининг 87 фоизи ва импортининг 55 фоизини долларда, Қирғизистон экспортининг 67 фоизи ва импортининг 78 фоизини долларда амалга оширган. Ўзбекистон эса экспортининг 96 фоизи ва импортининг 81 фоизини долларда амалга оширган.

«Мамлакат томонидан халқаро савдода сўмдан фойдаланиш имконияти чекланган. Баъзи қўшни давлатлар билан тўғридан тўғри шартномалар орқали ташқи савдонинг бир қисмини миллий валютага ўтказиш мумкин. Лекин ташқи савдонинг асосий қисмини миллий валютага ўтказишга уриниш биринчидан имконсиз (инфратузилма йўқлиги сабабли), иккинчидан жудаям қимматга тушади», — дея қайд этган агентлик.

2023 йилда ташқи савдо дефицити 17,4 млрд долларни ташкил этган, яъни соф ҳолатда мамлакатнинг чет эл валютасига эҳтиёжи мавжуд. Агар ташқи савдода профицит шаклланганда бошқа давлатларда Ўзбекистон миллий валютасига талаб бўлиши мумкин эди.

«Бошқа давлатлардан, миллий валютада маҳсулотларни сотишга ундаш улар томонидан ҳам худди шундай ҳаракатларнинг жавобан қўлланишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, савдо ҳажмининг қисқариши, импорт товарлар нархининг ошиши (ноэквивалент ёки бозорга хос бўлмаган алмашув паритети туфайли) ва экспорт товарларга бўлган талабни пасайтиради», — дейилади хабарда.