КХДР Жанубий Кореяга чегара орқали чиқинди солинган 200 дан ортиқ ҳаво шарларини учирди, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги Корея Республикаси Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб.

Ҳодиса Шимолий Корея 26 май куни Пхеньянга қарши қаратилган ташвиқот варақалар тарқатилишига жавобан Жанубий Корея билан чегарадош ҳудудларга «қоғоз ва ахлат уюмларини» сочиб юбориши билан таҳдид қилганидан сўнг содир бўлди.

Ҳарбийларга кўра, ҳаво шарлари 28 май куни кечқурун икки давлат чегарасидан ўта бошлаган ва мамлакатнинг турли жойларига тушган. Шарлар ичида турли хил ахлатлар — пластик бутилкалар, батареялар, поябзал қисмлари ва ҳатто гўнг ҳам бўлган. Ҳарбийлар ушбу нарсаларни батафсил таҳлил қилиш учун йиғиб олишди, дея таъикдлади агентлик.

жанубий корея, шимолий корея

Фото: jcs.mil.kr.

«Шимолий Кореянинг бу ҳаракатлари халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузади ва одамлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Биз Шимолий Кореяни ўзининг ғайриинсоний ва қўпол ҳаракатларини зудлик билан тўхтатиши бўйича кескин огоҳлантирамиз», — дея баёнот берди Жанубий Кореядаги бирлашган қўмита.

Қўмита Жанубий Корея аҳолисига осмондан тушган буюмларга тегмасликни ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришни тавсия қилди. Агентликнинг эслатишича, 2016 йилда ҳам Шимолий Корея бундай шарларни учирган, оқибатда машина ва уй томлари зарар кўрган.

Кўп йиллар давомида Жанубий Кореяда яшовчи шимолий кореялик қочқинлар ва фаоллар ҳаво шарлари ёрдамида КХДРга бундай варақаларни етказиб турган. Шимолий Корея бир неча бор варақалар тарқатишни тўхтатишга чақирган, дея аниқлик киритади Yonhap.