Январь-февраль ойларида Ўзбекистон 166,7 миллион долларлик газ импорт қилди, бу рақамлар Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган ташқи савдо маълумотларида акс этган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 95,6 баробар кўпдир, ўшанда етказиб бериш ҳажми 1,7 миллион долларни ташкил этган.

Январь ойида мамлакатга 35,6 миллион долларлик «мовий ёнилғи» импорт қилинган бўлса, февралда бу кўрсаткич 3,7 баробар кўп, яъни 131,1 миллион долларни ташкил этди. Агентлик анъанавий равишда етказиб беришнинг физик ҳажмини ошкор қилмайди.

Йил бошидан буён Ўзбекистон, шунингдек, 26,7 миллион долларлик газ экспорт қилди: январда — 21 миллион доллар, февралда — 5,7 миллион доллар. Аммо Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларига кўра, Хитой Ўзбекистондан 57,38 миллион долларлик (январда — 38,77 миллион доллар, февралда — 18,6 миллион доллар) газ импорт қилган, бу Ўзбекистон томони эълон қилган ҳажмдан икки баробар кўп.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь-март ойларида, энергетика инқирози шароитида Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қилмади (Хитой томонига кўра), фақат апрель ойида етказиб беришни тиклади. Жорий йилда ҳам мамлакатда газ ва электр тақчиллиги кузатилди, бу эса электр энергиясини етказиб беришда бир неча бор чекловларга ва ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ёпилишига олиб келди.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш бўйича статистикалар бир неча каррасига фарқ қилаётгани ҳақида ёзган. Кейинроқ энергетика вазири буни Хитой статистикада туркман газининг транзитини ҳисобга олгани билан изоҳлаган. Бироқ «Газета.uz» ҳисоблаб, ҳатто транзитни қўшганда ҳам статистика кескин фарқ қилаётганини аниқлаган.

2023 йил 7 октябрдан Ўзбекистон газни Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали шимолий йўналишда импорт қилмоқда. Расмийлар «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини 500 миллион долларга модернизация қилмоқчи. Ўзбекистон энди бу йўналиш орқали Россия газини олади. Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 миллион кубометрдан 32 миллион куб метргача ошириш режалаштирилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари аввалроқ мамлакат Туркманистондан газ импорт қилиш билан параллель равишда узоқроқда бўлган Россиядан ҳам газ импорт қилаётгани ҳақида гапириб, масаланинг сиёсий оқибатларига изоҳ берганди. «Сиёсий омилларга боғлаш нотўғри деб ўйлайман, бу тижорий муносабатлар», — деган у.

2023 йили Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импорт қилди. Етказиб бериш ҳажмлари орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичидаги улкан газ захираларига қарамай, бундай ҳолат юзага келишига сабабчи бўлган омилларни таҳлил қилганди.