Ўзбекистон бўйлаб метан заправкалари фаолияти соат 6:00 дан соат 15:00 гача олиб борилади, деб хабар бермоқда, Энергетика вазирлиги ахборот хизмати.

Вазирлик мамлакатда ҳаво ҳароратининг совиб бориши туфайли аҳоли орасида табиий газга талаб бирмунча ошгани, пировардида, газ босимининг сезиларли пасайиши юз берганини таъкидлади.

Шунингдек, 7−16 декабрь кунлари оралиғида совуқ об-ҳаво шароитида ҳам газ босимининг пасайиши кутилаётганини қўшимча қилди.

Шундан келиб чиқиб, аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида метан заправкалари ишлаш вақтини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Режага мувофиқ, метан заправкалари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлайди, дейди вазирлик.

Мазкур чеклов республиканинг барча ҳудудларида киритилди. АГТКШлар фаолиятида ўзгаришлар кузатилса, қўшимча маълумотлар берилади, дейилади хабарда.

Шу пайтга қадар 4 та ҳудуд — Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон бўйича шохобчаларнинг чекланган жадвал асосида ишлай бошлагани эълон қилинганди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ депутатларга жорий қишда энергетика инқирозининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилгани, юзага келиши мумкин бўлган газ ва электр қуввати тақчиллиги қайси манбалардан қопланиши ҳақида маълумот берганди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган қиш мавсумида газ танқислигининг энг юқори даражаси кунига 21,6 миллион куб метрга етган. 2023 йилда газ танқислигини ўтказиш қуввати 18−20 миллион куб метрдан 35−40 миллион куб метргача кўтарилган газ омборларидан тўлдириш, шунингдек, Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуасига газ етказиб беришни кунига 5 миллион куб метрга қисқартириш режалаштирилган.

Зарур бўлганда, айрим газ қуйиш шохобчаларига (АГТКШ) газ таъминоти 30 фоизга қисқартирилади: ҳозирда улар кунига 15 миллион куб метр газ олади, 5 миллион куб метрга чекловлар жорий этилиши мумкин.

S&P «Ўзбекнефтгаз» кредит рейтингини паст натижалар, юқори қарз юки ва Uzbekistan GTL тўлиқ қувват билан ишламаётгани сабабли нисбатан рискли бўлган «B+» даражасига туширган. Мажбуриятларнинг бузилиши ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтимоли камайгани сабабли прогноз «салбий»га ўзгарган.

Аввалроқ «Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари президентга қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.