Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Daryo.uz`га берган Ўзбекистон ёнида гази кўп Туркманистон бор бўла туриб, узоқроқ бўлган Россиядан ҳам газ импорт қилаётганига изоҳ берди.

Вазир бунинг харажатлари ва сиёсий оқибатлари тўғрисидаги саволга қуйидагича жавоб берди:

«Буни сиёсий омилларга боғлаш нотўғри деб ўйлайман, чунки бу тижорий муносабатлар. Бу — бозор. Бозорда талаб бор. Бир нарсани билиш керакки, биз Туркманистондан ҳам газ импорт қиляпмиз, ўтган йили ҳам, бу йили ҳам. Биз бу йўналишда туркман ҳамкорларимиз билан ҳам жуда яхши ишлаймиз. Биз улардан нафақат табиий газ, балки, электрэнергия ҳам импорт қиламиз. Масалан қишда улар бизга катта миқдорда электр энергия етказиб беради. Уларнинг электр энергиясини Қирғизистонга транзит қиламиз. Яъни Туркманистон билан ҳамкорлигимиз жуда яхши ўрнатилган».

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, Россиядан ҳам газ импорт қилинаётганига ички истеъмолнинг кескин ошиши сабаб бўлган.

«Россиядан ҳам [газ] импорт қилишимизнинг сабаби эса, бу — қўшимча [газ]. Яъни эҳтиёж ошиб боряпти. [Газ] қазиб чиқариш камайиб кетди деб бугун ҳам баъзи таҳлилчилар айтишди. Пасаймади, балки, биз пасайган даражани ушлаб қолиб, уни кўпайтирдик. Буни албатта, йил якуни бўйича ҳисоботларини берамиз. Лекин шу билан биргаликда, ички истеъмолимизнинг кескин ошиши натижасида бизда табиий газ учун қўшимча зарурат бўлди, шунинг учун Туркманистондан ҳам оляпмиз ҳамда Россиядан ҳам оляпмиз», — дея таъкидлади Энергетика вазири.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга экспорт қилиш ва уни Қозоғистон ҳудуди орқали ташиш бўйича шартнома имзоланган эди, унга кўра, яқин икки йил ичида Россия ўзбекистонлик истеъмолчиларга йилига 2,8 млрд кубометр (кунига 9 млн кубометр) газ етказиб беради.

7 октябрь куни эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Россия президенти Владимир Путин билан биргаликда Москвада Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаб берганди.