«Ўзтрансгаз» компанияси «шимолдан» табиий газ импорти ҳажмини ошириш мақсадида магистрал газ тизимини модернизация қилиш дастурини амалга оширмоқчи. Бу Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида назарда тутилган.

2023 йил 7 октябрдан буён Ўзбекистон Россиядан газни Қозоғистон ҳудуди орқали шимолий йўналишда импорт қилмоқда.

Биринчи босқичда 2024−2030 йилларда мазкур дастурни амалга ошириш учун 500 миллион доллар ажратиш режалаштирилган. Шу туфайли ҳажмни суткасига 32 миллион куб метрга етказиш кўзда тутилган (Россиянинг «Газпром» компанияси билан амалдаги келишувга кўра, кунига 9 миллион куб метр етказиб бериш кўзда тутилган, декабрь ойида эса бу ҳажм икки баравар оширилган).

Лойиҳани хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон магистрал газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастурини (2021−2024) амалга оширишни давом эттириш кўзда тутилган. Умумий қиймати 483 миллион доллар бўлган лойиҳа 511 километр магистрал газ қувурлари ва 10 газ ҳайдаш агрегатларини модернизация қилишни кўзда тутади. 1 январь ҳолатига кўра, 50,1 миллион долларлик кредит маблағларидан фойдаланилмаяпти.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Газпром» раҳбари Алексей Миллер Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2024 йил ўрталарига қадар 15 йилга газ етказиб бериш ва транзит бўйича ҳамкорлик мажбуриятлари тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлигини айтган эди.

Кейинчалик Энергетика вазирлиги раҳбари нега мамлакат ёнида гази кўп Туркманистон бор бўла туриб, узоқроқ бўлган Россиядан ҳам газ импорт қилаётганига, шунингдек, бошқа давлатларга газ экспорт қилинаётганига тушунтириш берганди. Ўшанда у Россиядан газ етказиб бериш масаласини сиёсийлаштириш нотўғри эканини айтган эди.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни таҳлил қилганди.