Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 14 март куни Сирдарё вилоятига борди.

Сафар асносида давлат раҳбари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда диний-маърифий йўналишлардаги ишлар, муборак Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида сўз борди.

нуриддин холиқназаров, рамазон-2024, шавкат мирзиёев

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу қутлуғ ойни хурсандчилик билан кутиб олди. «Рўзадорлар мамлакатдаги тинчлик ва фаровонлик шарофатидан ибодатларини эмин-эркин адо этмоқда, бунинг учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтмоқда. Масжидларда Қуръони карим хатм этилиб, халқимизга осойишталик, файзу барака тилаб дуолар қилинмоқда», — дейилади хабарда.

нуриддин холиқназаров, рамазон-2024, шавкат мирзиёев

Муфтий бу улуғ айёмда сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўлишини, юртдошлар буни ҳис қилиб, савоб амалларни кўп қилаётганини айтди.

Президент бу ойни юксак даражада ўтказиш, юртимиздаги тинчликни қадрлаш ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича ўз фикрларини билдирди. Инсон қадрини улуғлаш мақсадига мувофиқ, халқимиз манфаатларини таъминлаш, муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини айтди.

нуриддин холиқназаров, рамазон-2024, шавкат мирзиёев

Тадбиркорликни ривожлантириш, томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали қишлоқ аҳолиси турмушини юксалтириш муҳимлиги таъкидланди. Ёшларни билим-маърифатли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, уларни ўқишга, меҳнатсеварликка ундашнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди.