Шавкат Мирзиёев 15 май куни Coca Cola компанияси раиси ва бош директори Жеймс Куинсини қабул қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Учрашувда Coca Cola компаниясининг Ўзбекистондаги эксклюзив ҳамкори бўлган Coca Cola İçеcек`ни ўз ичига олувчи Anadolu Group раиси Тунжай Ўзилхон ҳам иштирок этди.

Ҳозирда Ўзбекистонда 3 та Coca Cola заводи Тошкент, Урганч ва Наманган вилоятида фаолият юритади. Чоршанба куни Самарқанд вилоятида янги завод ишга туширилди. 2025 йилда Наманган вилоятида бешинчи завод фойдаланишга топширилади.

coca cola uzbekistan, шавкат мирзиёев

Учрашувда озиқ-овқат соҳасидаги, шу жумладан, «яшил» ечимларни, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди, дейилади хабарда. Инновацион фаолият ва тадқиқотларни ривожлантириш, муҳандислар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳақида фикр алмашилди.

Инвестиция дастурини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, материаллар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш юзасидан келишувларга эришилди.

Шавкат Мирзиёев истиқболли лойиҳаларни тезлаштирилган ҳолда амалга ошириш бўйича алоҳида «йўл харитаси»ни қабул қилишни топширди, дейилади хабарда.

Coca Cola алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, фаолияти 200 дан ортиқ мамлакат бозорини қамраб олади, 200 дан зиёд бренд ва 950 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонасига эга.

Coca-Cola Bottlers Uzbekistan қўшма корхонаси 1994 йил март ойида очилган. Компания 2021 йил сентябрида хусусийлаштирилганди. 57,118 фоиз давлат улушини Туркиянинг Coca-Cola İçеcек компанияси ўзининг шуъба корхонаси CCI International Holland B. V. орқали сотиб олган. Битим суммаси 252,28 миллион долларни ташкил этган. Корхонанинг қолган улуши (42,88 фоиз) The Coca-Cola Export Corporation компаниясига тегишли.