Болалар омбудсмани котибиятига «Истиқболли авлод» ННТ орқали Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманида яшовчи 2008 йилда туғилган А.Д.дан мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.

Қизнинг маълум қилишича, у уйидаги тазйиқ ва яқинлари уни тушунмаслиги туфайли уйдан чиқиб кетган. Сўнг бир таниши уни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги қандайдир хонадонга олиб борган, мазкур хонадон эгаси бўлган аёл эса уни фоҳишаликка мажбур қилган. Лекин қиз муайян вақтдан кейин у ердан қочиб кетган ва кўмак сўраган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди. Текширув натижасида Жиноят кодекси 131-моддаси, 4-қисмига (Вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда қўшмачилик қилиш) асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани мазкур ҳолат бўйича боланинг манфаатлари нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттириши айтилган.