Фарғона вилоятида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси 1 миллиард сўмдан зиёд табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди, деб хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати.

Инспекциянинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят прокуратураси ва газ таъминоти корхонаси ходимлари ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилган. Унда Фарғона туманида фаолият юритаётган «СНГ.Г.С.» МЧЖга қарашли АГТКШ табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.

Хусусан, ўрганиш давомида ушбу шохобчанинг газ ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилгани аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори жами 1 миллиард 136 миллион сўмни ташкил этган.

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилинган.