Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23−25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Пекин шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади.

Кун тартибидан Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, давлат раҳбари Хитой ҳудудларидан бирига ташриф буюриб, ушбу мамлакат етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 17−18 октябрь кунлари ҳам амалий ташриф билан Хитойда бўлган. Ўшанда давлат раҳбари «Бир макон, бир йўл» учинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этган, ХХР раиси, шунингдек, Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси билан учрашган.