Андижон вилоятидаги маҳаллаларнинг бирида 12 ёшли бола илтимосига кўра кутубхона қурилади. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ёшлар билан учрашувида Андижон тумани «Терактаги» маҳалласида истиқомат қилувчи 12 ёшли китобхон Асадилло Розиқов кутубхона масаласида мурожаат қилди.

У китоблар етишмагани учун «Ёш китобхон» кўрик танловида энг олий натижани қўлга кирита олмаганини билдирди.

«Бугуннинг ўзида маҳаллага кутубхона қуриш ишлари бошланди. Келгусида масканни Асадилло Розиқовнинг ўзи бошқариши таклиф этилди», — дейилади хабарда.

Ҳокимнинг расмий саҳифасида элон қилинган видеода Абдураҳмонов кутубхонани 25 январь куни очилишини буюрганини кўриш мумкин.

«Отасига минг раҳмат, китоб етмагани учун озгина қолиб кетдим деяпти. Ўзига машина сўрамаяпти, ўзига уст-бош сўрамаяпти маҳалласига кутубхона сўраяпти. Ҳозир сени [маъсуллар] бирга олиб кетишади, жойни танлаймиз, Худо хоҳласа бир ойда сенга зўр кутубхона қилиб бераман, ўзинг юргизасан, бўптими?» — деди вилоят ҳокими.