Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 18−64 ёшдаги аҳолиси ўртасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ярми оғир вазнли, 20 фоизи семиз ҳисобланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар қилди.

Тадқиқотда, шунингдек, ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) етарли миқдорда (400 граммдан кам) сабзавот ва мевалар истеъмол қилмайди, 46 фоизининг қонида холестерин миқдори ошган.

Шунингдек, аҳолининг ўртача туз истеъмоли кунига 14,9 граммни ташкил этади. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган миқдордан 3 баравар кўп (кунига 5 граммдан ошмаслиги лозим) деганидир.

Қўмитанинг таъкидлашича, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиши ва катталарда юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

2023 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистонда «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши қайд этилганди.