Ўзбекистонда аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилган.

Ҳаракат қуйидагиларни назарда тутади:

  • аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш;
  • болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талабларни кучайтириш;
  • таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан, таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва истеъмолини камайтириш;
  • маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш;
  • ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун қисқа тўғри овқатланиш, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш;
  • иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш.

Бунинг натижасида аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кексалар орасида соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш ҳисобига юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, зарарли одатлар ва носоғлом турмуш тарзини кечириш оқибатлари бўйича ахборот-тарғибот ишлари олиб борилади.

Таҳлилларга кўра, мамлакатда 10,7 млн аҳоли соғлом турмуш тарзини олиб бормайди. Аҳолининг

  • 16,5 фоизи тамаки ва 4,7 фоизи алкоголь истеъмол қилиши;
  • 16 фоизи мева ва сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилмаслиги (кунига 400 граммдан кам);
  • 36,6 фоизи таомга қўшимча туз қўшиши;
  • 32,9 фоизида ортиқча вазн ва 23,5 фоизида семизлик мавжудлиги;
  • 38 фоизида юқори артериал босим ва 8,4 фоизи қонида қанд миқдорининг юқорилиги;
  • 26 фоизининг эса жисмоний фаоллиги сустлиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, 2024 йил 1 январдан тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади. Бу амалиёт Навоий, Сирдарё, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 2023 йилдан бошланади.