Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товар-хомашё биржасида Аи-80 русумли бензинни харид қилишнинг кунлик лимитини пасайтирди. Бу бўйича қўмита 21 ноябрь куни тегишли қарорни қабул қилди, дея хабар берди Spot.

22 ноябрдан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган Аи-80 бензинини биржада харид қилишнинг кунлик лимити 10 тоннадан 4 тоннагача пасайтирилди. Рақобат қўмитаси лимитни пасайтириш тўғрисидаги қарор ўтказилган таҳлиллар ва келиб тушган мурожаатлар асосида қабул қилинганини қайд этган.

Бироқ, бошқа ишлаб чиқарувчилар, жумладан Seg Tasco (Saneg шўба корхонаси), Natural gas-stream ҳамда New silk road oil and gas кабилар учун истисно тарзида Аи-80 бензинининг кунлик харид лимити 10 тонна бўлиб қолади.

2023 йилнинг август ойида қўмита Аи-80 русумли бензинни харид қилишнинг кунлик лимитини 5 тонна миқдорида белгилаганди. Бироқ, 17 октябрь куни лимитни икки баробарга — 10 тоннагача оширди. Шунингдек, бу импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш билан изоҳланди. Бунга жавобан ёқилғи қуйиш шохобчалари вакиллари АИ-80 русумли бензинини харид қилиш бўйича кунлик лимитни 10 тоннадан 4 тоннага камайтиришни сўраганди.

Белгиланган лимит ёқилғи қуйиш шохобчаларининг бир қисмини ёпишга олиб келган, биржадан бензин сотиб олишга муваффақ бўлган бошқа АЁҚШларда эса қаторасига навбатлар пайдо бўлган. Ундан кейин қўмита Аи-80 бензинининг улгуржи савдоси билан боғлиқ вазият юзасидан тушунтириш берди.

Шунингдек, товар-хом ашё биржасидаги брокерлар ҳам Аи-80 русумли бензинни харид қилишдаги чекловлар харидорлар сонининг қисқаришига олиб келганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан киритилган чекловларни нархлар манипуляциясига қарши курашиш билан изоҳлаб, бензин дефицити йўқлигини таъкидлаганди.