Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда Аи-80 бензини сотиб олишга чекловлар киритилгани ва бу тақчилликка олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Қўмита маълумотларига кўра, биржа савдоларида бензиннинг 80 фоизи 1 тн лотларда, қолган қисмида вагон нормасида (60 ва 55 тн) сотилмоқда ва бугунги кунда биржа савдоларида Аи-80 бензинини сотиб олиш бўйича чеклов ўрнатилмаган.

«Агар август ойида жами кунлик 2,8 минг тн маҳсулот қўйилган бўлса, октябрь ойида ўртача 3,2 минг тоннадан савдога чиқарилмоқда, яъни таклиф 14 фоизга оширилган, бу эса кўпроқ харидорларга маҳсулотни олишга имконият яратади», — дея таъкидлади қўмита.

«Бензинга талабнинг мавсумийлигини ҳамда нархларнинг юқори даражада тез ўзгарувчанлиги ҳисобга олган ҳолда қўмитага амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни барқарорлаштириш мақсадида бир савдода маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдорини белгилаш ваколати берилган ва ушбу чора маҳсулотга талабнинг ошиши даврида бир неча йилдан буён бозор мувозанатини барқарорлаштириш учун давлат томонидан қўллаб келинадиган номонетар восита ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

Шундан келиб чиқиб, август ойида бензин нархларининг ошиши натижасида маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 5 тн этиб белгиланган эди. Мазкур чоралар ҳамда таклифни оширилиши сентябрь ойи охирида ҳамда октябрнинг биринчи ярмида биржа савдоларида бензин нархларининг 10 фоизгача пасайишига ва бирмунча барқарорлашишига олиб келди, дея таъкидлади қўмита.

Шуларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, жаҳон бозорларидаги юзага келган салбий тенденциялардан (нефть нархларининг ошиши, бензин экспортига ўрнатилган чекловлар) келиб чиқиб импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида 17 октябрдан маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 10 тоннагача оширилди, дея таъкидлади қўмита.

Бугунги кунда республикадаги 2 мингдан ортиқ АЁҚШларнинг 99 фоизида Аи-80 бензини 6800 сўмгача бўлган барқарор нархларда сотилмоқда, дейилади қўмита хабарида.

Шу билан бирга, 19 октябрда қўмитада Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Саноат энергетика гуруҳи» МЧЖ ХК, «ЎзРТХБ» АЖ ҳамда «Ўзэнергоинспекция» вакиллари иштирокида савдога чиқарилаётган бензин ҳажмларини ошириш ҳамда нархларини барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокамаси бўлиб ўтди.

Бунда ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотнинг қўшимча ҳажмларини биржа савдоларига чиқариш бўйича аниқ чоралар ҳамда чакана нархларнинг асоссиз ошишини олдини олиш бўйича қўмитада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси ва «Ўзэнергоинспекция» билан биргаликда республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилиши белгиланди.

Бензин билан таъминлашда қўмита тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бензин бозорида танқислик ва ажиотажни олдини олиш бўйича ўз ваколатларидан келиб чиқиб тезкор зарур чораларни кўриб боради, — дейилади хабарда.

Қўмита бугунги кунда бензин билан таъминлаш масалаларида ажиотажга сабаб бўладиган омиллар мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал «Ўзбекнефтгаз» компанияси ноябрь ойидан бошлаб Аи-80 бензини нархи ошиши ҳақидаги маълумотни рад этганди.