БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Мунир Мамедзаде «Газета.uz»га берган интервьюсида нима учун ЮНИСEФ ковидга қарши вакциналарни глобал миқёсда етказиб беришга масъул этиб белгилангани, ягона соғлиқни сақлаш ахборот тизимини яратиш нима учун зарур эканини тушунтириб берди ва ижтимоий соҳанинг янги таҳдидларга тайёрлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўзбекистондаги фаолиятингиз пандемия авжига чиққан, ковидга қарши вакцина етказиб бериш эндигина йўлга қўйилган пайтда бошланганди. Айтингчи, нима учун айнан БМТ Болалар жамғармаси COVAX механизми орқали вакциналарни етказиб беришга масъул этиб белгиланди?

— Ўша пайтда пандемия қанчалик тез тарқалаётганини инобатга олган ҳолда, [вакцинани етказиб бериш бўйича] бутун бошли тизимни қанчалик самарали ишга тушириш мумкинлигини аниқлаш учун барча глобал тармоқларни ўрганиб чиқдик. Ва бу борада ЮНИСEФ бутун дунё бўйлаб вакциналар етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга эканлиги аён бўлди. Бизда Копенгагенда вакциналарни харид қилиш ва сақлаш бўйича энг йирик глобал марказ мавжуд. Бу дунёдаги энг йирик халқаро гуманитар омбордир. Шуни ҳисобга олиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти глобал альянс ва пандемияга қарши курашиш учун масъул бўлган барча бошқа ҳамкорлар билан биргаликда биздаги мавжуд имкониятлар ва бой тажрибамиздан фойдаланишга қарор қилди.

Ўзбекистонга келсак, шуни таъкидлашни истардимки, барча давлатларда ҳам инфратузилмалар бунга тайёр бўлмаган. Аммо аввалги сармоялар ва ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги фаолияти туфайли, мен келишимдан олдин ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро ҳамкорликнинг ўрнатилган тизими натижасида бутун занжирни, вакциналарни сақлаш учун совуқ занжирни қуришга муваффақ бўлдик. Мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ вакцина сақлаш омборларини яратдик ва бу ишни дарҳол бошлаш учун барча зарур жиҳозларни харид қилдик.

Ўзбекистон барча турдаги вакциналарни қабул қилиши мумкин бўлган кам сонли давлатлардан бири эди. Халқда ҳам ҳарорат режими билан боғлиқ инфратузилмалар ҳамда биз пандемиягача ва пандемия вақтида сотиб олиб, давлатга етказган зарур ускуналар нуқтаи назаридан танлаш имконияти мавжуд эди.

Ўзбекистон COVAX дастурига киритилди ва бу бизга 74 млн дозага яқин вакцинани Ўзбекистонга бепул тақдим этиш, ушбу вазиятдан имкон қадар самарали чиқишимиз учун шундай шароит яратиш имконини берди.

— Ўтган йили ЮНИСEФ кўмагида Ўзбекистонда ишга туширилган эмлаш бўйича электрон ахборот тизими эмлаш кампаниялари самарадорлигини ошириш, бўйин товлаш ҳолатларини кузатиш ва тиббий хизмат кўрсатишдаги камчиликларни аниқлаш имконини беришини таъкидлаган эдингиз. Сиз айтгандай самарали ахборот тизимини яратишга муваффақ бўлиндими? Ҳозирда Ўзбекистонда антиваксер ота-оналар кўпми?

— Жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилган Ўзбекистондаги муваффақиятли натижалардан бири шундаки, Ўзбекистонда пандемия ёш болаларни мунтазам эмлаш жараёнига таъсир кўрсатмади. Кўпгина мамлакатларда айнан пандемия даврида миллий тақвимлар доирасида мунтазам эмлаш билан қамраб олиш даражаси кескин пасайди. Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 96−97 фоизга яқин қамров бўлган. Баъзи ҳолларда касалликнинг айрим турлари учун 99 фоизгача қамровга эришилди. Бу жуда яхши қамров, биз буни бошқа мамлакатлар учун ижобий тажриба сифатида таъкидлаймиз. Чунки тизим йўлга қўйилган, у ишламоқда.

Бизнинг қўллаб-қувватловимиз ва 1,5 млн доллардан зиёд қийматдаги ускуналар еткизиб берилиши орқали яратилган, бунда GAVI, USAID ва ривожланиш бўйича бошқа ҳамкорларимиз иштирок этди, вакциналар логистикаси бўйича ушбу ахборот тизими вакциналарнинг мамлакатга қандай келиб тушиши ва улар қаерда сақланишини кузатишга ёрдам бермоқда. Чунки барча омборлар учун ҳарорат режими ва аниқ талаблар мавжуд: улар қандай ташилади, қандай фойдаланилади ва ҳоказо.

вакцина, ковид, мунир мамедзаде, соғлиқни сақлаш, юнисеф

Вакцина бўйича маълумот тизими кенгроқ платформа, яъни [ягона] соғлиқни сақлаш ахборот тизимининг бир қисми бўлиши жуда муҳим. Бу борада эса, давлат аҳоли саломатлиги, жумладан, эмлаш билан боғлиқ барча масалаларни қамраб олувчи ягона тизимни яратиш учун керак бўлган ишлар мавжуд. Бу биз ва давлат олдида турган навбатдаги чақириқ ҳисобланади.

Антиваксерларга келсак, улар ўқимишли одамлар орасида ҳам, вакциналарнинг аҳамияти ва унинг таркиби ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаган аҳоли орасида ҳам борлигини биласиз. Кўпинча келиб чиқиш мамлакатлари ва бошқалар ҳақида саволлар бўлади. Шу боис, биз бу ишларни турли даражаларда тизимли равишда олиб бормоқдамиз ва буни фақат қандайдир миллий қарорлар даражасида ҳал қилиб бўлмаслигини тушунамиз. Бу ерда вакциналар ҳақида аниқ ва ошкора маълумот бериб, аҳолининг хабардорлиги даражасида иш олиб бориш жуда муҳим. Жойларда мунтазам кампаниялар ўтказиш ва, албатта, жамиятнинг ўзи билан, мутахассислар билан ишлаш лозим.

Бу борада биз катта дастурни амалга оширдик ва у давом этмоқда. Биз патронаж ҳамшираларни жалб қилиш орқали жамоаларда ишлаймиз. Шунингдек, эмлашнинг аҳамияти ҳақида тўғри хабарлар бериш учун диний ва жамоат раҳбарларини жалб қиламиз. Ва бу ишлар ҳеч бўлмаганда бугунги даражани сақлаб қолиш учун доимий равишда давом эттирилиши керак.

— Ўзбекистон пандемия даврида тўплаган тажрибага кўра, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими бошқа турдаги таҳдидларга қарши туришга тайёрми?

— Агар биз пандемия ҳақида гапирадиган бўлсак ва унга эмлаш орқали жавоб берсак, мен тайёр деб ўйлайман. Чунки бу тизим яхши йўлга қўйилган ва барқарор. Эмлаш дастурида аниқ позиция ва давлатнинг ушбу дастурни барқарор амалга ошириш мажбурияти бор. Ва бу борада давлат қийинчиликларга тайёр.

Аммо, умуман олганда, ҳар хил турдаги зарбалар ҳақида гапирадиган бўлсак, менимча, бу эътибор талаб қиладиган соҳалардан бири. Чунки, барибир, кўпинча битта таҳдид ўтиб кетганда, инсон табиати туфайли бўшашиб, ҳаммаси тугади, ўз тартибимизга қайтамиз, қутилдик ва келажакда бундай қийинчиликлар бўлмайди деб ўйлаймиз. Афсуски, ҳар доим қийинчиликлар бўлади — бу бугунги дунёнинг ҳақиқати. Фавқулодда вазиятлар ва баъзи табиий офатлар мавжуд ҳамда иқлим ўзгариши билан бу кўпроқ ва тез-тез содир бўлади.

Умуман олганда, ижтимоий соҳа бундай муаммоларга ҳали тўлиқ тайёр эмас. Пандемия ёки эпидемия юзага келган тақдирда, менимча, тизим мавжуд. Лекин, умуман олганда, биз бу ҳақда ўйлашимиз ва давлат ҳам аҳолини, ҳам маҳаллий хизмат кўрсатувчи ташкилотларни бундай ҳолатларга тез ва самарали жавоб беришга тайёрлаш бўйича анча жиддий йўл тутиши керак. Бу ижтимоий ҳимоя тизими, соғлиқни сақлаш ва таълимга тааллуқлидир.

Чунки бизнинг мамлакатларда тез-тез бу Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (ФВВ) блоки, ҳаммасини улар ҳал қилади, деб ўйлаймиз. Аммо, афсуски, бундай эмас, чунки кўпинча барча тегишли тузилмалар, айниқса аҳоли, болалар ва энг заиф гуруҳлар билан бевосита ишлайдиган тузилмалар жалб қилиниши керак. Айнан ўша ижтимоий блок, шу каби вазиятларга тайёргарлик кўриш учун бу борада алоҳида эътибор талаб қилади.

Давлат Умаров суҳбатлашди.

Тўлиқ видеоинтервью