Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хусусий секторда ишлаётган аёллар учун ҳомиладорлик ва ва туғиш нафақалари ҳажмини уч баробарга қисқартириш бўйича режаларга изоҳ берди.

Эслатма: Газ «декрет пули» миқдори эмас, балки бюджетдан йўналтирилаётган маблағ қисқараётгани ҳақида кетмоқда.

2023 йилги давлат бюджетида хусусий секторда ишлаётган 130 минг нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 300,7 млрд сўм ажратилиши режалаштирилганди. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 100 млрд сўмгача камаймоқда.

2023 йилнинг 9 ойида хусусий секторда ишловчи 12 минг нафар белгиланган мезонларга мос бўлган аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланган ва 24,6 млрд сўм маблағ тўлаб берилган. Жорий йил 9 ойлик тенденциядан келиб чиққан ҳолда 2023 йил якунига қадар хусусий секторда ишловчи 19 мингдан ортиқ аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 40 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

«2024 йилги буджет лойиҳасини тайёрлашда 2023 йилнинг ҳақиқий харажатлари инобатга олинган бўлиб, кейинги йилда хусусий секторда ишловчи 40 мингдан ортиқ (2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп) аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 100 млрд сўм кўзда тутилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини давлат томонидан тўлаш 2022 йил 1 сентябрдан бошланган. Тўлов суммаси минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида (2,27 млн сўм) белгиланган.

Вазирлик маълумотларига кўра, нафақалар «проактив» шаклда, яъни фуқароларнинг сўровларисиз тайинланади. Бунинг учун аёл хусусий секторда камида олти ой расман ишлаган бўлиши керак. Иш ҳақи белгиланган тартибда тўланиши керак, яъни иш ҳақи шаклида даромадлар тўғрисида ҳисобот солиқ органларига тақдим этилиши зарур.

Мазкур нафақа Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт» ахборот тизимига тиббий муассасанинг IT ҳамшираси томонидан ҳомиладор аёлнинг маълумотлари (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси) киритилганидан сўнг электрон маълумотлар асосида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали автоматик равишда тайинланади.

Бунда ахборот тизими аёлнинг иш стажини «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларини Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси орқали автоматик равишда аниқлайди.

Агар нафақа олувчи номига очилган фаол ҳолатдаги (охирги транзакция сўнгги 60 кун ичида амалга оширилган бўлиши керак) банк пластик картаси бўлса, пул у ерга меҳнатга лаёқатсизлик гувоҳномаси берилган ойдан кейинги ойнинг 10-кунигача ўтказиб берилади.